Тошкентда озиқ-овқат саноати учун муҳим кўргазма очилди (+видео)
“Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари - UzFood 2026” 25-юбилей кўргазмаси 1 апрелдан ўз фаолиятини бошлади. “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкорлари кўмагида “Ўзэкспомарказ”нинг барча павильонларида тармоқ корхоналари маҳсулотлари кенг намойиш қилинди.
Кўргазмани кўздан кечирар экансиз озиқ-овқат саноатининг энг сара намуналари жамланганининг гувоҳи бўласиз. Маҳсулот етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш, бежирим қадоқлаш ва уни харидорга етказишгача бўлган барча жараёнлар қамраб олинган. Хомашёни биотехнологиялар асосида тайёрлаш ва логистика занжирларини қуриш, божхона ва транспорт соҳасида муҳим келишувларга эришиш, хуллас барчаси ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва истеъмолчиларга қулайлик яратишга қаратилгандир.
- Биз Беларусь озиқ-овқат саноати компанияси вакили сифатида кўргазмада иштирок этяпмиз, - дейди Беларусь компанияси вакили Анна Синяк. - Кондитер, алкоголь, тез тайёрланадиган ва ўша машҳур беларусь чипсларини олиб келдик. Ўзбекистонда узоқ вақтдан буён фаолият олиб борамиз.
- Кўргазмада натижалар қандай бўлди?
- Бундай тадбирларда иштирокимиз натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги экспорт ҳажми 3.5 баробарга ортди. Маҳсулотларимиз жуда яхши танилди.
Кўргазма ишида 26 мамлакатдан 530 та компания ва нуфузли брендларнинг вакиллари иштирок этаётган бўлса, уларнинг кўпчилиги янги маҳсулотларини тақдим этди. Бу борада айниқса Австрия, Арманистон, АҚШ, Беларусь, Германия, Корея Республикаси, Россия, Польша, Хитой компаниялари кўпроқ фаол бўлди. Бизга қўшни бўлган давлатларнинг ҳам маҳсулотларига кенг ўрин берилди.
Бу йил хорижий компаниялар иштирокчиларнинг умумий сонининг 80 фоизини ташкил этди. Мўғулистон кўргазмада дебют қилмоқда. Барча намойишлар тематик йўналишларга ажратилган. Масалан, бирида қадоқлаш, ускуналар ва материаллар жамланган бўлса, кейинги павильонларда тайёр, ярим тайёр маҳсулотлар, ингредиентлар, сут-гўшт учун алоҳида қаторлар, ичимлик, зиравор ва музлатилган товарлар учун алоҳида жойлар. Хуллас кўргазмага келувчилар учун ўзларига керакли бўлган маҳсулот, ускуна ёки хизматларни топиб олишларига максимал қулайлик яратиб берилган.
Польшалик тадбиркорлар илк бор қатнашаётган бўлсада, уларнинг маҳсулотлари бизга жуда таниш. Масалан, малина, қулупнай, голубика ва ширинликлар намойиш қилиниб, уларни етиштириш технологиялари ҳақида кенг маълумот олиш мумкин.
Кўргазмада маҳаллий компанияларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ҳам қизиқиш катта бўлди. Улар томонидан қадоқлаш материаллари, фильтрлар ва тозалаш тизимлари, озиқ-овқат ва қандолат ускуналари, гўштни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари, мева ва сабзвотлар кенг ассортиментда намойиш қилинди.
Шунингдек кўргазма дастуридан маҳорат дарслари, семинарлар, янги ускуналар тақдимотлари ва саноат тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, барча иштирокчилар унда қатнашишлари мумкин. Кўргазма 3 апрелгача давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZMBzXz65Ck8" title="Toshkentda oziq-ovqat sanoati uchun muhim ko`rgazma ochildi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА