Тошкентда от спорти бўйича жаҳон кубоги саралаш баҳсларига старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Universal Horses Stable” от спорти клубида Халқаро от спорти федерацияси тақвимига киритилган нуфузли турнир бошланди.
Мусобақанинг биринчи ярмида чавандозлар 110 ва 120 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтиш баҳсларида ўз маҳоратини намоён этди. Куннинг иккинчи ярмида эса турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда 20 га яқин давлат байроқлари остида Халқаро от спорти федерацияси вакиллари, иштирокчи мамлакатлар расмийлари, ҳакамлар ҳамда таниқли чавандозлар қатнашди.
[gallery-28976]
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур нуфузли мусобақанинг аҳамияти, уни ташкил этиш тартиби ва беллашувларни ўтказиш жараёнлари ҳақида фикр билдирди.
Шундан сўнг 140 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтиш бўйича саралаш беллашувлари бошланди.
Жаҳон кубоги саралаш босқичида тўсиқлардан сакраш ҳамда от йўрттириш бўйича мусобақалар ўтказилади.
Мазкур турнир мамлакатимизда от спортини янада ривожлантириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда спортчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мусобақа 3 майга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА