Тошкент - халқаро солиқ мулоқоти марказига айланди
Тошкент шаҳрида “Ипак йўли” XVIII Солиқ форуми ўз ишини бошлади. Мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ҳамда Халқаро солиқ ва инвестициялар маркази (ITIC) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу форум турли мамлакатлардан давлат органлари вакиллари, халқаро экспертлар, олимлар ҳамда бизнес доиралари иштирокчиларини бир майдонда жамлади.

Форумнинг тантанали очилиш маросимида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев ва ITIC президенти Дэниел Алан Витт халқаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, замонавий солиқ маъмуриятчилигини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида солиқ маъмуриятчилигини трансформация қилиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, солиқ тизими самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва акциз солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича илғор халқаро тажрибалар атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Форум доирасида давлат ва бизнес ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда хорижий ҳамкорларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотлари билан яқиндан таништиришга алоҳида урғу берилмоқда.

Икки кун давом этадиган мазкур форум солиқ соҳасида илғор амалий ечимлар алмашинуви, янги ташаббуслар ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА