Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.
Қабулда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Т.Турдиев ҳамда “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ директори Ж.Муҳамедов иштирок этиб, фуқароларнинг масалаларини тинглади. Тадбир давомида 20 тадан ортиқ мурожаат тегишли тартибда қайдномага киритилди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг фақат иккитаси бевосита газ таъминоти масалаларига тааллуқли бўлиб, қолган масалалар юзасидан ҳам ҳуқуқий тушунтириш ва кўрсатмалар берилди. Ҳар бир мурожаат ижроси қатъий назоратга олиниб, мутасаддиларга масалаларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
***
Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси томонидан қидирувдаги шахслар ва мол-мулкларни аниқлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан суд қарорларига асосан қарздор деб топилган 366 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 186 нафари аниқланиб, тегишли ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Жумладан, март ойининг ўзида 69 нафар шахс топилиб, давлат ижрочилари ихтиёрига топширилди.
Шунингдек, алимент тўловчи қарздорлардан 90 нафари суд ҳужжатлари иш юритувга қабул қилинишидан олдин чет давлатларга чиқиб кетгани аниқланган. Уларга нисбатан давлатлараро қидирув эълон қилиниб, халқаро шартномалар асосида тегишли сўровлар юборилган.

***
Шу кунларда Тошкент вилоятидаги барча ҳарбий қисмларда ёш аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари тантанали руҳда ташкил этиляпти. Мазкур тадбирлар юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг масъулияти ва бурчини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Янгийўл туманида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги бошқарма бошлиғи полковник Т.Исроилов, вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Н.Нормирзаева, ҳарбий қисм командири полковник К.Тошпўлатов, Янгийўл туман жангчи-фахрийлар кенгаши аъзолари ҳамда аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маросим давомида ёш ҳарбий хизматчилар Ватанга садоқат билан хизмат қилишга, халқимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асрашга тантанали равишда қасамёд қабул қилди.
А.Мусаев, ЎзА