Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари борлиги прогноз қилинмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай йирик лойиҳаларда темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилитсий хомашёсига ҳам талаб ортишини таъкидлади.
Мутасаддиларга ушбу майдонларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, бир ойда темир ва уни бойитишга зарур минераллар захирасини кўпайтириш бўйича геология дастурини киритиш топширилди.
Ҳудуд раҳбарларига мазкур ишларга йирик тадбиркорларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхоналар фаолият юритмоқда. Қурилиш материаллари бўйича йиғилишдан сўнг ҳокимлар металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни бошлагани қайд этилди.
Хусусий корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 миллион доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.
ЎзА