Тошкент шаҳар ҳокимининг бевосита аралашуви билан қатор масалаларга тезкор ечим топилди
Халқни эшитиш, одамларнинг масалаларига ечим топиш бугунги ислоҳотларнинг бош мезонидир. Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида ўтказилаётган очиқ мулоқотлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги қабулда ҳам фуқароларнинг йиғилиб қолган ижтимоий ва ҳуқуқий муаммолари бевосита раҳбарият иштирокида таҳлил қилинди. Юзма-юз мулоқотда аҳолини қийнаётган долзарб масалалар масъуллар иштирокида таҳлил қилиниб, тезкор ечим топишга асосий эътибор қаратилди.
Навбатдаги очиқ қабулда фуқаролар томонидан ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббий ёрдам, иқтисодий низолар ва ҳуқуқий ҳимояга оид 32 та мурожаат ўртага ташланди. Эътиборлиси, уларнинг 24 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Чуқурроқ ўрганиш талаб этиладиган 8 та масала бўйича эса масъулларга етти кунлик муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Тўғри, ҳоким ўринбосарлари ҳам ҳафтасига камида тўрт марта фуқароларни қабул қилади. Бироқ бюрократик тўсиқлар ёки тизимли мураккабликлар сабабли ечими чўзилаётган масалаларда шаҳар ҳокимининг бевосита аралашуви муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, ойига икки-уч маротаба ўтказилаётган “Ахборот, ҳисобот, мулоқот” форматидаги учрашувлар ҳам халқ билан самарали тиллашиш ва муаммоларни бартараф этиш майдонига айланди.

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов бундай очиқ мулоқотлар мунтазам давом этишини таъкидлади. Мақсад инсон манфаатларини таъминлаш, муаммоларни вақтида ҳал этиш ва натижасидан халқни хабардор қилишдан иборат.
Зеро, бундай самимий ва очиқ сайёр қабуллар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. Асосий тамойил эса ўзгаришсиз қолади, яъни халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА