Тошкент инвестиция руҳи барчангизни мамлакатимизга доим чорлаб туришига, умумий муваффақият рамзига айланишига ишонаман – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Президентимиз Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ташаббуси билан Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашларининг минтақавий алянси ташкил этилаётганини ўз вақтида қабул қилинган қарор сифатида баҳолади.
Бозор қанчалик катта ва қоидалар қанчалик уйғун бўлса, минтақа давлатларига сармоялар оқими шунча кўпаяди. Шу маънода, бу муҳим ташаббус келгусида умумий инвестиция маконини яратиш йўлидаги дастлабки қадам бўлишига ишонч билдирилди.
–Биз учун инвестиция бу фақатгина иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари ва давр билан ҳамнафас тараққиёт демакдир.
Ҳар қандай буюк орзу ва ниятни ҳаётга тўла татбиқ этишда асосий ҳамкор, ҳеч шубҳасиз, эзгу ниятли инвесторлар, десак, муболаға бўлмайди. Шу боис, диёримизга катта ишонч ва ғоялар билан келаётган хорижий сармоядорларга Янги Ўзбекистоннинг эшиклари ҳамиша очиқ.
Президент сифатида шахсан ўзим ва Ҳукуматимиз ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз.
Тошкент инвестиция руҳи барчангизни мамлакатимизга доим чорлаб туришига, умумий муваффақият рамзига айланишига ишонаман.
Юртимизнинг гўзал табиати, бетакрор маданияти ва олижаноб халқимизнинг меҳмондўст қалби эса дўстлигимизни мустаҳкамлаш учун ўзига хос инвестиция бўлишига аминман, – деди Президентимиз сўзининг якунида.
ЎзА