Тошкент фақат бунёдкорлик майдони эмас, балки қулай ва экологик барқарор мегаполисга айланади
Кейинги йилларда мамлакатимизда шаҳарлар муҳитини соғломлаштириш, аҳоли учун қулай ва экологик барқарор яшаш шароитларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, пойтахтимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш бугунги кунда устувор вазифалардан бири сифатида белгиланиб, бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрида урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишган эди.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, режалар ва кутилган натижалар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси бош мутахассиси Файзулла ХЎЖАЕВ билан суҳбатлашдик.
– Тошкент шаҳрида урбанизация жараёнлари жадал кечаётган бир пайтда, яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ва уларни кенгайтириш бўйича қандай янги ёндашувлар қўлланилмоқда?
– Бугунги кунда Тошкентда урбанизацияга ёндашув тубдан ўзгармоқда. Яъни энди масала фақат янги уй-жой қуришда эмас, балки инсон учун қулай муҳит яратиш, шу билан бирга шаҳарни экологик барқарор муҳит сифатида ривожлантиришда кўрилмоқда. Бу борада энг муҳим янгилик ҳар бир йирик лойиҳани ягона шаҳарсозлик ёндашуви асосида амалга оширишдир.
Президентимизга тақдим этилган таклифларда ҳар бир қурилиш лойиҳасида ҳудуднинг камида 30 фоизида яшил майдон ташкил этиш, ҳудудларни реновация орқали комплекс янгилаш ва майдони 1 гектаргача бўлган зич қурилиш амалиётидан воз кечиш вазифалари белгиланди.
Бу ёндашувнинг зарурати рақамларда ҳам яққол кўринади. Тошкент шаҳрида умумий фойдаланишдаги яшил майдонлар 893 гектарга яқин. Аҳоли сони юқори бўлган шароитда бу ҳар бир киши ҳисобига унча кўп бўлмаган яқин яшил майдон дегани. Ваҳоланки, амалдаги шаҳарсозлик ва санитария меъёрларига кўра йирик шаҳарларда бу кўрсаткич баландроқ бўлиши керак.
Шу боис янги ёндашувга кўра яшил ҳудудларни шаҳар ривожининг мажбурий қисмига айлантиришдан иборат. Комплекс қурилиш ҳудудларида кўкаламзорлаштириш меъёрини 25 фоиздан 30 фоизга ошириш орқали қўшимча камида 400 гектар умумий фойдаланишдаги яшил майдон ташкил этиш ва Тошкент шаҳрида умумий майдони 134 гектар бўлган 9 та янги яшил жамоат парклари барпо этиш режалари маъқулланган. Аҳоли жон бошига умумий фойдаланишдаги яшил майдонларни 3 квадрат метрдан 6 квадрат метргача кўпайтириш режаси қўйилган.
– Келгусида Тошкентда экологик барқарор ва аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантириш мақсадида қандай устувор вазифалар белгиланган?
– Келгусидаги энг муҳим вазифа Тошкентни фақат қурилишлар шаҳри эмас, балки фуқаролар яшаши учун қулай, соғлом ва экологик барқарор мегаполисга айлантиришдир.
Бунинг учун, биринчи навбатда, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва уларнинг аҳоли учун етарли ҳамда уй-жойларга яқин бўлишини таъминлаш мақсад қилинган.
Иккинчи устувор вазифа янги қурилишларнинг экологик стандартларини такомиллаштиришдир.
Хусусан, кўкаламзорлаштириладиган майдон улушини 25 фоиздан 30 фоизга ошириш таклифи жуда муҳим. Айтиб ўтганимдек, бу орқали келгусида камида 400 гектар қўшимча умумий фойдаланишдаги яшил майдон ташкил этиш имконияти пайдо бўлади. Бу амалиёт янги қурилишни чеклаш эмас, балки уни жамоат манфаати ва шаҳар экологияси ўртасида мувозанатни таъминлашига хизмат қилади.
Учинчи устувор вазифа янги жамоат паркларини барпо этиш ва уларни шаҳар тузилишига тўғри интеграция қилиш ҳисобланади.
Президентга тақдим этилган режаларда 9 та янги яшил жамоат паркларини ташкил этиш маъқулланган. Бу лойиҳалар аҳоли учун дам олиш жойини яратиш билан чекланмай, иссиқлик таъсирини пасайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, аҳоли учун қулай муҳитни кенгайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, келгусидаги вазифа Тошкентда инсон учун қулай муҳит яратишни ва яшил ҳудудларни барпо этишни асосий қадриятга айлантиришдан иборатдир.
ЎзА мухбири
Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.