Тошкент дунё бизнес элитасининг диққат марказига айланди
Иқтисодиёт илмида инвестициялар тизими қон томирига қиёсланади. Хорижий ва маҳаллий сармояларсиз ҳеч бир давлат ички ресурсларнинг ўзи билангина глобал рақобатга дош бера олмайди. Инвестиция шунчаки пул эмас, у мамлакатга энг замонавий технологиялар, ноу-хау ва бошқарув маданиятини олиб киради. Масалан, Чирчиқдаги «Келажак металлари» технопарки ёки «Volkswagen» автомобилларини йиғиш лойиҳалари орқали Ўзбекистон оддий хомашё базасидан юқори технологик ишлаб чиқариш тизимига ўтмоқда.
Сармоялар эвазига қурилаётган янги заводлар илгари четдан валюта эвазига сотиб олинган тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконини беради. Бу эса ташқи савдо балансини яхшилаб, экспорт ҳажмини кескин оширади. Ўзбекистон аҳолиси тез суръатлар билан 40 миллионлик маррага яқинлашмоқда. Ҳар йили меҳнат бозорига юз минглаб иқтидорли ва шижоатли ёшлар кириб келяпти. Давлат бюджетининг чекланган маблағлари билан бунча одамни сифатли ва юқори даромадли иш билан таъминлаш имконсиз. Фақатгина хусусий ва хорижий инвестициялар оқими янги саноат тармоқлари, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида миллионлаб иш ўринларини яратишнинг ягона кафолатли йўлидир. Уй-жой қурилиши, шаҳарсозлик ва инфратузилма лойиҳаларининг ўзи йилига камида 10 миллиард долларлик кафолатли ишчи бозорини таъминламоқда.
Бугунги таҳликали замонда капитал оқимлари ўзи учун янги, хавфсиз ва жадал ўсиб бораётган иқтисодий тинч ўлкаларни изламоқда. Шундай паллада Тошкент дунё бизнес элитасининг диққат марказига айланди. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан келган 4 мингга яқин делегатлар қаршисида нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев нафақат мамлакатнинг иқтисодий зафарларини сарҳисоб қилди, балки бутун Марказий Осиёнинг яқин истиқболдаги янги иқтисодий меъморчилигини белгилаб берди. Бу нутқ шунчаки расмий баёнот эмас, балки катта ўзгаришлар остонасида турган давлатнинг глобал ҳамжамиятга йўллаган стратегик манифестидир. Кўпчиликнинг ёдида, 2022 йили ўтказилган илк форумда Ўзбекистон ўз олдига жуда катта ва ҳатто айрим экспертлар назарида ҳаддан ташқари амбицияли мақсадни қўйган эди. 2026 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш. Бироқ Янги Ўзбекистоннинг шиддати ҳар қандай прогнозларни ортда қолдира олишини исботлади. Мамлакат иқтисодиёти жорий йил якуни билан 180 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. Бу орзу қилинган маррадан деярли икки баробар кўпдир. Бу марраларга эришишда албатта, хорижий сармояларнинг ўрни беқиёс бўлди. Сўнгги йилларда юртимизга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, шундан 123 миллиард долларининг айнан охирги беш йилга тўғри келиши мамлакатга бўлган ишончнинг амалий ифодасидир. Иқтисодиётнинг ўтган йилги 7,7 фоизлик ўсиши, халқаро резервларнинг 70 миллиард доллардан ошгани ва мамлакатимизнинг “Иқтисодий эркинлик индекси”да бирданига 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олгани тасодиф эмас. Бу йиллар давомида тунларни кунларга улаб қилинган тизимли меҳнатнинг мевасидир.
Давлатимиз раҳбари анжуманда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистон барча инвесторлар учун очиқ ва тенг ҳуқуқли шериклик тамойилига қатъий содиқ. Давлат инвесторларни жалб қилишда шаффофлик, кафолатланган ҳуқуқий режа ва барқарор сиёсатни таъминлашга муносиб эътибор қаратмоқда. Бу йўл, ўз навбатида, хорижий капиталнинг узоқ муддатли лойиҳаларга киришини рағбатлантиради. Хусусан, хорижий сармоядорлар учун рақамлаштирилган маълумотлар, тайёр лойиҳалар ва жозибадор инфратузилма яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар бозорга кириш жараёнларини осонлаштиради. Мазкур чоралар инвестициявий иқлимни янада яхшилаш, хусусий секторнинг ролини кенгайтириш, технология ва малакали кадрларни жалб этиш орқали мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор инвесторлар учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Ҳозирги босқичда Ўзбекистон улкан ислоҳотлар ва инвестициявий имкониятлар даврини бошдан кечирмоқда. Форум платформасида Президентимиз томонидан илгари сурилган олти йўналиш — инвесторлар учун муносиб шароитлар, капитал бозорини ривожлантириш, «яшил» энергетика ва сунъий интеллект, юқори қўшилган қиймат занжирлари ҳамда минтақавий транспорт-логистика — мамлакатимизни глобал иқтисодиётнинг марказий нуқталари қаторига кўтаришга қаратилган.
Биринчи йўналиш – инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш.
Бу йилги форумнинг мутлақ марказий воқеаси ва бош сенсацияси шу йилнинг март ойида Президент фармони билан ташкил этилган «Тошкент халқаро молия маркази» тақдимоти бўлди. Ушбу ташаббус шунчаки чиройли ном эмас, аксинча, халқаро инвесторлар учун энг таниш ва хавфсиз бўлган Инглиз умумий ҳуқуқи (Common Law) тамойилларига асосланган мутлақо янги институционал ва ҳуқуқий архитектурадир.
Жаҳондаги етакчи молиявий хаблар (Лондон, Дубай, Сингапур) тажрибаси шуни кўрсатадики, йирик капитал эгалари учун давлатнинг иқтисодий ўсиш суръатларидан кўра ҳуқуқий тизимнинг шаффофлиги ва башорат қилиниши (прогнозга эгалиги) муҳимроқдир. Тошкент халқаро молия маркази айнан мана шу эҳтиёжни қондириш учун яратилди.
Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ташаббуси мамлакатнинг глобал молиявий харитадаги ўрнини мустаҳкамлайди. Марказнинг ҳуқуқий базаси Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади, ушбу ҳудудда жозибадор солиқ ва регулятив режим — инвестициявий имтиёзлар 50 йилгача белгилаш имконияти билан рағбатни кучайтиради. Англия умумий ҳуқуқига асосланган махсус режим, мустақил тижорат суди ва халқаро экспертизани жалб қилиш инвесторларга халқаро стандартлар даражасида ҳуқуқий ҳимояни кафолатлайди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган иккинчи йўналиш – капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш. Шу ҳақда сўз борганда, сўнгги йилларда мамлакатимиз халқаро молия бозорларида фаол эканлигини таъкидлаш жоиз. Жами 16 миллиарддан ортиқ облигациялар мазкур бозорларга муваффақиятли жойлаштирилди ва миллий валютадаги корпоратив еврооблигациялар айланмага киритилди. Муҳим натижа сифатида, Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари Тошкент ва Лондон биржаларида IPO орқали чиқарилиб, бу Лондон биржасининг сўнгги беш йил ичидаги энг йирик IPOларидан бири бўлди. Бундан ташқари, қатор йирик компанияларнинг IPOлари учун тайёргарликлар аллақачон бошланди. Лойиҳалар ички бозорни мустаҳкамлаш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш имкониятини янада кучайтириши кутилмоқда.
Капитал бозорини ривожлантиришнинг ҳуқуқий-органик асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Капитал бозори тўғрисида” ва “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Учинчи йўналиш – юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш. Саноатни юқори технологияли босқичга кўтариш йўлида Ўзбекистон катта дастурларни бошлади. Келаси беш йилда саноатдаги юқори технологияли маҳсулот ҳажмини 2,5 баробарга кўпайтириш мақсад қилинган. Хусусан, илғор кимё тармоғини ривожлантириш орқали 20 миллиард долларлик инвестиция салоҳияти, ҳудудларда 15 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратиш, 130 турдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқаришга қўл келувчи ҳамкорлик лойиҳалари шулар жумласидан.
Тўртинчи йўналиш – “яшил” энергетика ва сунъий интеллект соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш. Ўзбекистон «яшил» энергетикага катта устуворлик бермоқда: электр генерациясида янада юқори улуш, 2030 йилгача 54 фоизга эришишни режалаштирган. Бу мақсадга эришиш учун давлат қуёш ва шамол электр станцияларига инвестициялар, энергия сақлаш тизимларини жорий этиш лойиҳалари, тармоқлар ва узатиш инфратузилмасини модернизация қилиш, ҳам «яшил» энергияга уланган, ҳам климатга мос дата-марказлар барпо этиш борасида имкониятларни таклиф қилмоқда.
Бешинчи йўналиш – минтақавий транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш. Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликнинг марказига айланишни мақсад қилган. Бу борада Хитой ва Қирғизистон билан стратегик темир йўллар қурилиши, Трансафғон коридори орқали жанубий денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш, Каспий орқали «Ўрта коридор»ни кенгайтириш ва Европа-Асия транспорт магистралларига интеграция, янги тезюрар автомобиль йўллари, кўп функцияли логистика марказлари ва «қуруқ порт»лар ташкил этиш, Саудия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда йилига 20 миллион йўловчига мўлжалланган янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш лойиҳасини амалга ошириш кўзланган. Бу лойиҳалар мамлакатни транзит ва логистика марказига айлантириб, маҳсулотлар экспорти ва импортини енгиллаштиради ҳамда минтақавий савдо оқимларини оширади.
Олтинчи йўналиш – ҳудудларни ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш. Ўзбекистоннинг иқтисодий ва демографик кўрсаткичлари юксалаётган бир паллада ҳудудларни комплекс ривожлантириш — мамлакат тараққиётининг муҳим драйверига айланмоқда. Мамлакатимиз аҳолиси сони қарийб 40 миллионга яқинлашиши, иқтисодий ўсиш ва урбанизация босқичларининг тезлашиши шаҳарсозлик, инфратузилма ва ижтимоий хизматларга юксак салоҳиятли инвестиция талаб қилади. Ҳукумат бу реалликни ҳисобга олган ҳолда ҳудудий тараққиётни янги услубда – инвестициявий ҳамкорлик, давлат-хусусий шериклик ва стратегик лойиҳалар орқали рўёбга чиқариш йўлини танлади. Бу йўналишда ҳам инвесторлар ишлаши учун катта майдон ва имконият мавжуд.
Ўзбекистон учун инвестиция — бу шунчаки молиявий кўрсаткич эмас. У — миллатнинг руҳий ва интеллектуал уйғониши, 40 миллионлга яқинлашаётган халқнинг фаровон ҳаёти, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворидир. Бугун киритилаётган ҳар бир доллар сармоя — эртанги куннинг тинчлиги, тараққиёти ва Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнидаги мағрур мақомини кафолатловчи улуғвор қадамдир.
Янги Ўзбекистон — бу ўзгаришларга тайёр, имкониятларга очиқ ва ҳамкорлик қилишга интилаётган мамлакат. Ўзбекистон сармоядорларни мамлакатимиз билан биргаликда янги марраларга эришишга таклиф этди. Бу марралар қуруқ гаплар билан эмас, ҳақиқий инвестиция ва қўшма лойиҳалар орқали амалга ошади. Шу нуқтаи назардан, уч кунлик учрашувлар натижасида ўн миллиардлаб долларлик янги инвестиция битимлари имзоланди. Натижада форум мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро молия институтлари ва йирик компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, Ўзбекистон иқтисодиёти учун янада улкан имкониятлар эшигини очди.
Абдурафиқ Ҳошимов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дирломатия университети ҳузуридаги
Дипломатия академияси кафедра мудири