Томскда ўзбеклар шифокорларга бепул ош тарқатмоқда
Россиянинг Томск шаҳрида ўзбеклар диаспораси вакиллари коронавирусга чалинган беморларни даволаётган шифокорларга ош тарқатмоқда.
“Ўзбекларнинг “Дўстлик” маданият ташкилоти кўнгиллилари бу ишни 2 ноябрда бошлаган ва икки ҳафта давом эттириш ниятида. Тўрт кун давомида 1600 та палов солинган идишлар тарқатилган. Яна 2000 мингта идишда ош, шунча салат ва ўзбекча нон тарқатиш режалаштирилган.
Шифокорларни тушликда палов билан меҳмон қилиш ғояси Ўктам Маҳмудов исмли шахсдан чиққан. Диаспоранинг бошқа вакиллари, жумладан, ташкилот раҳбари Саматулло Рўзиев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Томсклик ўзбеклардан сўнг Омск ва Кемеровада яшаётган ватандошларимиз ҳам шифохоналар ходимларига ош тарқатишни бошлаган.
«Инсоният учун бор кучи ва соғлигини, қолаверса, ҳаётини бағишлаб меҳнат қилаётган одамларга ҳурмат кўрсатишдан мамнунмиз. Ойлик – бу бошқа, меҳнат учун тўланадиган ҳақ. Лекин бундай усулда миннатдорлик билдириш бутунлай бошқа. Шифокорлар хурсанд, биз ҳам уларга яхшилик улашаётганимиздан мамнунмиз. Ҳозиргидек оғир вазиятда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз жуда муҳим», – дейди Саматулло Рўзиев.
Палов кафе ёки ошхонада эмас, балки очиқ ҳавода тайёрланмоқда. Ош тайёр бўлгач, уни қирққа яқин киши тарқатади, уларнинг кўпи ҳар куни алмашиб туради.
Кўнгиллилар орасида тадбиркорлар ҳам бор. Ош тарқатишда талабалар иштирок этмоқда, жамоат уларга халқимиз анъаналарини ўргатиб боради.
Палов бир нечта манзилга – олтита тез ёрдам станцияси, шаҳар касалхонаси, туғруқхона, тиббиёт пункти, «Қурувчи» ва Томск туман марказий шифохоналарига етказилади. Кунига тахминан 400 нафар тиббиёт ходими шу тариқа меҳмон қилинмоқда. Шифокорлар эса ўзбекистонликларнинг ушбу эзгу ишидан беҳад миннатдор.









