Тўловлардан қочмоқчи бўлганди...
Бухоро вилояти Божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларидан қочишга бўлган яна бир уриниш бартараф этилди. “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости ва “Бухоро” ТИФ божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда ишлаган Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари катта миқдордаги полиэтилен гранулаларига тегишли ТИФ ТN кодлари божхона тўловларидан қочиш мақсадида ўзгартирилганлигига шубҳа қилишди.
Гумонларга ойдинлик киритиш мақсадида ўтказилган божхона кўриги натижасида эса, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 264000 кг.га тенг бўлган “Полиэтилен гранула” товарлари борлиги тасдиқланди.

Аслида қўшимча 400 миллион сўм миқдордаги божхона тўловларидан қочишга бўлган уриниш умумий қиймати 6 миллиард сўмдан ортиқ бўлган товарларнинг вақтинча сақловга олинишига сабаб бўлди.
Маълумот учун: Бухоро вилояти Божхона бошқармаси ходимлари томонидан худди шу каби ҳолат жорий йилнинг сентябрь ойи давомида яна икки маротаба қайд этилган. Қиймати 1 миллиарддан ортиқ бўлган “Полиэтилен гранула” товарларининг божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилиши юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири