Айни кунларда Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам Янги йил байрами муносабати билан барча мактабгача таълим ташкилотларида тантаналар бўлиб ўтмоқда.
Янги йил байрами арафасида Жиззах вилояти прокуратураси ташаббуси ва ҳомийлигида Фориш туманининг “Қораабдол ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тоғли Шоҳусмон қишлоғида 60 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси бунёд этилиб, фойдаланишга топширилгани қишлоқ болажонлари учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, прокуратуралари, мактабгача ва мактаб таълими, ички ишлар бошқармалари раҳбар ва масъуллари, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Фориш туман ҳокими Икром Матиев, Президентнинг Жиззах вилоят Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов ва бошқалар йиғилганларни кириб келаётган янги йил билан самимий қутлаб, мамлакатимизда ўғил-қизларнинг баркамол инсонлар бўлиб улғайиши борасида ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ғоялар, тумандаги болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапирди.
Шундан сўнг алвон боғич қирқилиб, тадбир иштирокчилари янги мактабгача таълим ташкилотида болажонларга яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан таништирилди.
[gallery-21091]
Шу куннинг ўзида Фориш туман прокуратурасининг ташаббуси билан тумандаги эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларда тарбияланаётган вояга етмаган 50 нафардан ортиқ ўғил боланинг ҳомийлик асосида суннат тўйи ўтказиб берилди ва уларнинг барчаларига янги йил совғалари улашилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари