Тоғли Оқсойда IT-Village очилди
Самарқандда ўтказилган “ICTWEEK Uzbekistan 2022” – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги тадбирлари доирасида Нуробод туманининг олис тоғли Оқсой қишлоғида IT-Village мажмуаси очилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Ягона интегратор – UZINFOCOM” ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа юртимизнинг чекка ҳудудларида IT инфратузилмасини ташкил этиш, болаларни илғор IT -технологияларга қизиқтириш ва ўқитиш имкониятини яратиш, халқаро ва маҳаллий IT форумлар ва бошқа турли хил тадбирларни уюштиришга қаратилган.
Мажмуанинг очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов юртимизда илк бор ташкил этилаётган мазкур марказ аҳолининг барча қатлами учун замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, ушбу соҳада фаолият олиб бориш имкониятини яратиш, ҳудудларда IT-туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-9306]
IT-Village бинолари контейнерлардан иборат. Электр энергияси таъминоти қуёш панеллари орқали амалга оширилади. Мажмуа 60 ўринли учта ўқув хонаси, 8 ўринли турар жой, 15 кишилик конфернц-зал, шунингдек, тиббиёт пункти, техник хона, коммуникация узели, эко-кинотеатр ҳамда маъмурият блокини ўз ичига олади.
Бу ерда ойига 600 нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари, 240 нафаргача дастурчилар IT-машғулотларига қатнашиши мумкин. Бундан ташқари, ахборот технологиялари бўйича олий таълим муассасалари битирувчилари, сайёҳлар ҳам мажмуадан фойдаланишлари учун имкониятлар яратилган.
Яқин орада IT-Village фаолияти тўғрисидаги зарур маълумотларни ўз ичига олган ва барча қизиқувчилар фикр-мулоҳазаларини тақдим этиш имкониятини берувчи WЕВ портали ишлаб чиқиш, тадбирлар иштирокчилари учун йўловчи автобуси ташкил этиш режалаштирилган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматов IT-Village кутилган натижани бера бошлагач, бундай мажмуалар республикамизнинг бошқа ҳудудларида очилишини маълум қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА