Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тинчлик ва хавфсизлик сари

Жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳитни яратиш борасида Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Тошматов Бухоро вилоятида манзилли ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Ўрганиш доирасида вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шаҳар ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда жиноятчилик ҳолати, профилактика ишларининг самарадорлиги ҳамда мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, жиноятчилик кўрсаткичи юқори бўлган Садриддин Айний маҳалласида ўрганиш ишлари амалга оширилди. Таҳлиллар маҳаллий инфратузилманинг етарли даражада ривожланмагани, назорат механизмларининг заифлиги ва профилактика ишларининг тизимли йўлга қўйилмагани жиноятчиликка асосий омил бўлаётганини кўрсатди.

Муҳокамаларда маҳаллани рақамлаштириш, кўп қаватли уйлар атрофини тунги ёритиш билан таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу борада масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижро муддатлари белгиланди.

Манзилли ўрганишлар давомида Бухоро марказий деҳқон бозори ҳам кўздан кечирилди. Аҳоли ва савдогарлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, бозорларда тўловлар ва хизматлар бўйича очиқ ва шаффоф тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, аҳоли зичлиги ва транспорт ҳаракати юқори бўлган Бухоро шаҳрида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда профилактика ишларини кучайтириш жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири