Тинчлик маҳалласида янгиланишлар кўлами кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Тинчлик маҳалласида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳудуд қиёфасини янгилаб, аҳоли учун қулай шароит яратмоқда.
Айни пайтда маҳалладаги 1001 та хонадонда қарийб 4 минг 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда ҳудудда 5 километр йўл асфальтланиб, электр таъминоти яхшиланди. 2024 йилда «Обод маҳалла» дастури доирасида 135 та эски симёғоч бетон устунларга алмаштирилди, 1,5 километр ариқ бетонланди.
– Маҳалламиздаги янгиланишлар аҳоли турмушида ҳам ўз аксини топмоқда. Обод кўчалар, замонавий инфратузилма, ёшлар учун спорт ва дам олиш масканлари турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда, - дейди маҳалла раиси Мирзамаҳмуд Аҳмаджонов.
Жорий йилда Тинчлик маҳалласи «Янги Ўзбекистон қиёфаси» лойиҳасига киритилиб, дастур доирасида 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобига Бўстон ва Фидойилар кўчаларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Электр таъминотидаги муаммолар бартараф этилиб, қуёш панеллари ва замонавий кўча чироқлари ўрнатилади, йўллар таъмирланади.
Маҳалла биноси ва ўндан зиёд хонадонга қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Бу муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. 45 гектар майдонда «Бақай» саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда бешта лойиҳа амалга оширилган.
Тадбиркорлик субъектлари фаоллигининг ортиши аҳоли бандлиги ва даромадларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, тадбиркор Содиқжон Худойберганов ташаббуси билан асал маҳсулотлари дўкони ташкил этилди. Шунингдек, асалари маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда соғломлаштириш хизматларини кўрсатувчи 40 ўринли марказ иш бошлади.
Ҳудудда фитнес маркази қурилиши ҳам бошланган. 80 нафардан зиёд тадбиркор транспорт-логистика соҳасида фаолият юритмоқда.
Маҳаллада амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан яна бири – Исфайрам сойи ҳудудида барпо этилаётган экотуризм мажмуасидир. Қиймати 80 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида гольф майдонлари, пляжлар, янги ҳайвонот боғи ва экозона ташкил этиш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
[gallery-30933]
Маҳалланинг янги биноси 2025 йил декабрь ойида фойдаланишга топширилди. Қиймати 3 миллиард сўм бўлган мазкур иншоот давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркор Фарҳод Холйигитов ташаббуси билан барпо этилган.
Маҳалла маркази яқинидаги канал соҳилларини ободонлаштириш ишлари ҳам режалаштирилган. «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг ҳисобига каналнинг икки қирғоғида кутубхона, Wi-Fi зоналари, кўчма савдо шохобчалари, яшил ҳудудлар ва сайр йўлаклари ташкил этилади. Шунингдек, 24/7 режимида ишлайдиган замонавий туризм кўчасини барпо этиш кўзда тутилган.
Айни пайтда маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан маҳалла гузари қурилиши ҳам давом этмоқда. Бу ерда тантаналар зали, миллий маданий марказ, тикувчилик цехи ҳамда туризм мажмуаси ташкил этилади.
Бугун Тинчлик маҳалласида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА