Муносабат
Ўзбек актрисаси, режиссёр, миллий театр санъати устаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг мусиқали, драматик театр ва кино санъати кафедраси профессори Мунаввара Абдуллаева кўплаб фильмларда хокисор, соддадил, жайдари ўзбек аёли, меҳрибон ва жафокаш она сиймосида гавдаланиб, томошабинлар қалбидан жой олган.
Унинг “Оқ бино оқшомлари”, “Кичкина табиб”, “Оппоқ қушлар”, “Номаълум қаҳрамон”, “Осмондаги болалар” каби қатор фильмлардаги образлари ўзига хосдир.
Мунаввара Абдуллаева Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
Актриса байрам шодиёналари олдидан юксак орден билан мукофотланганидан илҳомланиб, ўз дил изҳорларини билдирди:
— Санъаткор қачон керак бўлади? Қачонки, юртда тинчлик, осойишталик ҳукм сурса, фаровонлик, барқарорлик бўлса, одамлар хонадонларида яхши кун, тўй-томоша бўлса, санъаткорларга эҳтиёж бўлади. Бугун юртимиз тинч-осойишта бўлгани боис ҳам биз санъат аҳлига алоҳида эътибор, юксак эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг, давлатимизнинг, халқимизнинг бизга бўлган эҳтиромидан бошимиз кўкка етмоқда. Мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётган бир пайтда, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да қадрланаётганимиздан мамнунмиз. Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги барчамизга муборак бўлсин, барчанинг хонадонида яхши кунлар кўп бўлсин.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
ёзиб олди.