Тилимиз фаол мулоқот воситасига айланиши шарт
Ҳар элнинг ўз тилига муносабати, ҳурмати ва садоқати нафақат ота-боболарига, балки ўз миллати ва давлатига бўлган чексиз эҳтиромининг рамзи ҳисобланади.
Давлат тилидан тўғри фойдаланиш, унинг софлиги ва меъёрларини сақлаш, мунтазам бойитиб бориш, нутқ маданиятини ошириш нафақат ўқитувчи-педагогларнинг, балки ҳар бир миллатдошимизнинг инсоний бурчидир.
Албатта, айрим шахсларга 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тилида расмий иш юритиш даражасини аниқлаш, адабиёт бўйича билимларини баҳолаш ёқмаслиги мумкин. Аммо бу тилимизни такомиллаштириш концепцияси ва дастурида ўз ифодасини топган. Бу замон талаби ҳамдир.
Бу жараёнларга ёрдам бериш бўйича тарғибот ишлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментининг телеграм каналида ташкил этилган расмий саҳифаси ва расмий сайти ўз фаоллигини ошириб, она тили ва адабиёти бўйича янгидан-янги маълумотлар бериб бораётгани кўп минг сонли педагогларимизнинг алоҳида эътиборини тортмоқда.
Хусусан, у орқали туман ва шаҳар, вилоят ҳокимларининг тил сиёсати бўйича маслаҳатчиларининг турли муносабатлари ва амалий иш тажрибалари, ташқи кўча ёзувлари, реклама ҳамда эълонларга қўйилаётган талаб ва тартиблар, тегишли қонунчилик бандлари, жамоатчилик назорати билан танишиб бораяпмиз.
Нашриётларда лотин алифбосида яратилаётган турли луғатлар, қисқартмалар, мақоллар мазмуни, синонимлар, хорижий ўзлашма сўзларнинг тарихи ва қўлланилиши ҳақида қизиқарли маълумотлар берилмоқда.
Турли таниқли шоир, ёзувчи ва журналистларимиз бошқа миллат вакилларининг тилимиз ҳақида мазмундор шеърлари айниқса дилга яқиндир. Хорижда ва юртимизда ўзбек тили бўйича ўтказилаётган конференциялар ва анжуманлар ҳақида ҳам доимо тўхталиб борилмоқда.
Соҳамизнинг “илмий драйвери” бўлган Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтларида бўлаётган сўнгги янгиликлар, соҳага оид кўплаб замонавий янгиликлар нафақат матн, балки видео шаклида ҳам мунтазам берилади.
Имло хатолари кўрсаткичлари, буюк аждодларимизнинг тил ҳақидаги ибратли фикрлари, теле-кўрсатувлардан лавҳалар, радиоэшиттиришлардан парчаларнинг жойлаштирилиши эса унинг жозибадорлиги ва бебаҳо аҳамиятини янада оширади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз мустабид тузим ва ундан кейин ҳам кўп йиллар давомида кечгани каби иккинчи даражали эмас, балки энг фаол мулоқот воситасига айланиши шарт.
Биз педагоглар бу қимматли манбалардан ўқувчиларга таъсирчан дарслар ва амалий машғулотлар ўтиш, интерфаол ва янгича услубларда ўз тилига меҳр-муҳаббат уйғотиш, турли мафкуравий таъсирларга тушмаслиги учун самарали фойдаланиб келмоқдамиз.
Муҳаббат РАҲМАТОВА,
Шаҳрисабз шаҳридаги 19-ўрта мактабнинг
ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси