Тиланчиларни камайтириш учун нима қилиш керак?
Ижтимоий тармоқларда тиланчилар билан боғлиқ нохуш воқеалар ҳақида кўп гапирилмоқда. Аслида вазият қандай? Қонунчиликда тиланчилар учун қандай жазолар белгиланган? Уларни камайтириш учун нима қилиш керак?
Шу каби саволлар билан Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султоновага мурожаат қилдик:
– Кейинги пайтда юртимизда, хусусан, Тошкент ва вилоят марказларида тиланчилар сони сезиларли даражада камайди. 7-10 йил аввал кўчаларда уларни кўпроқ учратиш мумкин эди, бугунги кунда эса уларнинг сони тахминан 3 баробарга камайди.

Шунга қарамай, одамлар орасида улар кўпдек кўриниши мавсумий омиллар билан ҳам боғлиқ: илиқ мавсумда тиланчилар бозорлар, парклар, вокзаллар ва савдо марказлари каби гавжум жойларда кўпроқ пайдо бўлади.
Айтиб ўтиш керакки, ижтимоий тармоқларда тиланчи болалар ва туристлар ўртасида юзага келган ҳолат ҳақида видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижасида бу Самарқанд вилоятида эмас, балки Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуаси ҳудудида содир этилгани, видеодаги Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга оид тасвирлар монтаж ёрдамида қўшилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат 2023 йилда содир этилган бўлиб, видеодаги вояга етмаган қизнинг шахсига ойдинлик киритилди. Унинг отаси 1979 йилда туғилган З.М. билан келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида фарзандини назоратга олиши бўйича профилактик-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Таҳлилларга кўра, тиланчилик билан шуғулланувчиларнинг аксарияти оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган шахслар ёки кўчиб юрувчи (ярим кўчманчи) гуруҳларга мансуб бўлиб, улар кўпинча қўшни давлатлар ўртасида ҳаракатланади.
2017-2018 йиллардан бошлаб бу муаммога қарши тизимли кураш бошланди. 2019 йилда эса тиланчилик учун жавобгарликни белгилайдиган қонун қабул қилинди. Унда фақат жазолаш эмас, балки профилактика ва ижтимоий ёрдамга ҳам урғу берилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3 - моддасига кўра, тиланчилик – жамоат жойларида (аэропорт, вокзал, бозор, парк, савдо марказлари, маданий мерос объектлари, йўл ва бошқа гавжум ҳудудларда) пул, озиқ-овқат ёки бошқа моддий бойликларни фаол тарзда сўраш ҳисобланади.
Бунинг учун БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Алоҳида ҳолатда – вояга етмаганлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва руҳий ҳолати оғир фуқароларни жалб қилганлик учун: БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача жарима, ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилади.
Агар ҳуқуқбузарлик такрорланса, Жиноят кодексининг 127-1-моддаси бўйича жавобгарлик келиб чиқади: мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Ушбу ҳолатлар гуруҳ бўлиб, зўравонлик ишлатиб ёки такрорий тарзда содир этилса, жазо 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача етиши мумкин.
Ички ишлар органлари ходимларининг асосий мақсади – жазолаш эмас, балки инсонни ижтимоий ҳаётга қайтариш. Бунинг учун ҳужжатларни тиклаш, иш билан таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, таълимга жалб қилиш, уй-жой ва ижтимоий мослашувни ҳал этиш ишлари олиб борилади.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 4 ойида 10 мингдан ортиқ шахс ички ишлар идораларига гумон асосида олиб келинган, 364 маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шундан 272 нафар кишига жарима қўлланилган, 46 нафар киши маъмурий қамоққа олинган, 39 нафари огоҳлантирилган, 7 ҳолатда шахс 16 ёшга етмаганлик сабабли иш тугатилган.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, тиланчиликнинг камайиши – фақат қонунчилик кучайиши эмас, балки профилактика тизимининг кучайишига боғлиқ. Бироқ муаммо ҳануз мураккаб бўлиб қолмоқда, чунки унинг ортида етишмовчилик, ҳужжатсизлик, оилавий муаммолар ёки эксплуатация каби сабаблар ётади.
Шу сабабли, самарали кураш фақат назорат ва жазо билан эмас, балки узоқ муддатли ижтимоий сиёсат орқали амалга оширилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА