Тиббиёт хабарлари
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Акико Фужии билан учрашув ўтказди.
Таъкидланганидек, БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистоннинг ишончли ва яқин ҳамкорларидан бўлиб, ҳозирга қадар тузилма кўмагида юртимизда ОИВ инфекцияси, туберкулёз, COVID-19 каби юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш бўйича бир қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди.
Ҳамкорликнинг ҳозирги босқичида соғлиқни сақлаш тизимида таъминот занжирини такомиллаштириш, шунингдек, онкологик касалликларни даволаш учун зарур дори воситаларини биргаликда харид қилиш механизмини йўлга қўйиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Президентнинг жорий йил 24 июндаги тегишли қарорида саратонолди ва саратон касаллигига чалинган беморларни ташхислаш ҳамда даволаш учун зарур дори воситалари, тиббий сарф материаллари, реактивлар, реагентлар ва тиббий жиҳозларни БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда харид қилиш ва ҳудудларга етказиб бериш белгиланган.
Вазирлик томонидан ушбу вазифа ижроси доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
– Ҳозирги асосий вазифамиз – 2027 йил 1 январдан мазкур механизмнинг тўлиқ, самарали ва узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат. Бу борада бизга БМТ Тараққиёт дастурининг халқаро харидлар ва таъминот занжирини бошқариш борасида тўплаган бой тажрибаси қўл келади, – деди вазир.
Якунда томонлар ушбу ҳамкорлик онкологик касалликларга чалинган беморларни сифатли дори воситалари билан ўз вақтида ва узлуксиз таъминлаш учун хизмат қилишига ишонч билдирди.
***
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге билан видеоконференқалоқа форматида мулоқот ўтказди.
Учрашув аввалида вазир ЖССТ томонидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга кўрсатилаётган доимий кўмак учун миннатдорлик билдирди.
Таъкидланганидек, ташкилот ёрдами билан мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, миллий тиббий суғурта тизимини жорий этиш каби йўналишларда қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Мулоқотда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, айни пайтда ишлаб чиқилаётган “Соғлиқни сақлаш – 2035” стратегияси лойиҳасини тайёрлашда ЖССТнинг халқаро тажрибаси ва экспертлик кўмаги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис вазир тегишли мутахассисларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш таклифини билдирди.
Шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий қўмитасининг 77-сессиясини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик жараёнлари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, томонлар DRG тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишга тайёргарлик масаласи юзасидан ҳам музокара олиб борди. Шу мақсадда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида имзоланган донорлик битими доирасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Айтиб ўтилганидек, мазкур лойиҳа тиббий хизматларни молиялаштириш ва улар учун ҳақ тўлаш механизмларини такомиллаштириш, соҳада самарадорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Учрашувда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонлик бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси 2.0” доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилиниб, унда белгиланган вазифаларни Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ислоҳотлари билан уйғунлаштириш ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон ва ЖССТ Европа минтақавий бюроси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Корея Республикаси делегация билан учрашув ўтказди.
Делегация таркибидан Korea Foundation for International Healthcare (KOFIH) директори Режина Хан, Economic Development Cooperation Fund (EDCF) директори Сангжин Канг, Research Institute of Sustainable Technology Innovation and Consulting (RISTI) директори Вусонг Ли ҳамда мазкур ташкилотлар вакиллари ўрин олди.
Мулоқотда соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва биотехнология соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, илмий-тадқиқот инфратузилмасини ривожлантириш, клиник ва доклиник тадқиқотларни кенгайтириш, "Smart Biocluster" лойиҳасини амалга ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Агентлик директори Корея Республикаси Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги муҳим стратегик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлаб, илм-фан, инновациялар ва биотехнологияларни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Корея томони вакиллари Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда тақдим этилган ташаббусларни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
***
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ҳамда Саудия Арабистони Озиқ-овқат ва дори воситалари бошқармаси (SFDA) ўртасида илк расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда фармацевтика маҳсулотлари муомаласини тартибга солиш, дори воситаларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, замонавий регулятор ёндашувларини жорий этиш ҳамда соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Марказ мутахассислари юртимизда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини баҳолаш, лаборатория назорати ва фармаконазорат йўналишларида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш борасидаги тажриба билан ўртоқлашди.
Томонлар икки давлатнинг фармацевтика регуляторлари ўртасидаги алоқаларни тизимли асосда ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Шу мақсадда ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш, мутахассислар ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, тажриба ва ахборот алмашиш, шунингдек, қўшма семинар ҳамда ўқув дастурларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоиз, SFDA Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Maturity Level 4 (ML4) даражасига баҳоланган дунёдаги етакчи фармацевтика регуляторларидан биридир. Шу боис мазкур ташкилот билан йўлга қўрилаётган ҳамкорлик Марказнинг халқаро регулятор ҳамжамиятига интеграциялашуви ва институционал салоҳиятини янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.
Хусусан, Саудия Арабистони регулятори билан тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш Марказнинг халқаро талаблар асосида фаолият юритишини такомиллаштириш, илғор регулятор механизмларини ўрганиш ҳамда келгусида ЖССТнинг ML3 даражасига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
***
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ўртасида навбатдаги мультидисциплинар консилиум (MDT) йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказ ва унинг филиалларида фаолият юритувчи онкомаммологлар, химиотерапевтлар, радиологлар, патоморфологлар, шунингдек, Америкадан махсус таклиф этилган профессор иштирок этди. Мазкур MDT йиғилишининг асосий мақсади онкологик беморларни ташхислаш ва даволаш сифатини янада такомиллаштириш, мураккаб клиник ҳолатларни мультидисциплинар ёндашув асосида муҳокама қилиш, халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда беморлар учун энг мақбул даволаш тактикасини танлашдан иборат.
Моҳигул Қосимова, ЎзА