Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда тиббий жиҳоз ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида тадбиркорлар тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш, сертификатлаштириш, харид жараёнлари ва маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиш билан боғлиқ долзарб масалаларни кўтарди.
Билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан Агентлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан амалий ечимлар ишлаб чиқилди, муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Мулоқот давомида Абдулла Азизов тадбиркорлар билан очиқ ва доимий мулоқотни таъминлаш Агентлик фаолиятининг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиши ва қонуний ечим топиши доимий эътибор марказида бўлишини қайд этди.
Учрашув якунида давлат органлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳадаги тизимли муаммоларни тезкор ҳал этиш ҳамда тиббий жиҳозлар саноатини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
***

Шунингдек, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Корея консорциуми вакиллари иштирокида “Smart Bio Cluster” лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки ташкилий масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида биотехнология ва биофармацевтика соҳаларида замонавий саноат экотизимини шакллантириш, лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда унинг инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодий самарадорлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Корея томони техник-иқтисодий асослаш (ТИА) ишлари доирасида бозор таҳлилини ўтказиш, эҳтимолий инвесторларнинг қизиқиши ва талабини ўрганиш, шунингдек, лойиҳанинг инвестиция салоҳиятини баҳолаш ишлари олиб борилишини маълум қилди.
Шунингдек, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, самарали бошқарув моделини шакллантириш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этиш бўйича амалий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Агентлик раҳбарияти лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш ва зарур ташкилий кўмакни таъминлаш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш, навбатдаги амалий босқичларни ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда лойиҳани белгиланган режа асосида илгари суриш бўйича келишувга эришди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА