Тиббиёт хабарлари
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2025 йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалги йиллардаги “сариқ” самарадорлик кўрсаткичидан илк бор “яшил” даражага кўтарилди.
Яъни, 2024 йил якуни бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги 59,2 балл билан 78-ўриндан жой олганди. 2025 йил якуни бўйича эса 87,2 балл тўплаб, 18-ўринга чиқди (97 та ташкилот орасида). Демак, 60 поғонага юқорилади.
Албатта, бу кейинги вақтда соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олиш, тизимда шаффофлик, очиқлик механизмларини самарали жорий этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг яна бир амалий натижасидир.
Баҳолаш жараёни 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилди. Бу йилги баҳолашда жами 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди.
***
Пойтахтимизда “Неонатал интенсив ёрдам – Буюк ипак йўли чорраҳаларида” мавзуида I Халқаро неонатал илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.
Тадбирда юртимиз мутахассислари билан бир қаторда АҚШ, Германия, Польша ва бошқа давлатлардан келган етакчи олимлар, неонатологлар ва шифокорлар иштирок этмоқда.
Мазкур нуфузли анжуман “IPOKRaTES Foundation” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унинг жаҳон миқёсидаги илмий ва амалий аҳамиятини янада оширади.
Анжуман доирасида янги туғилган чақалоқларда учрайдиган касалликлар, жумладан, перинатал асфиксия, сепсис, респиратор дистресс-синдром, туғма нуқсонлар каби оғир ҳолатларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва профилактика қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан интенсив терапияда қўлланилаётган замонавий технологиялар, реанимация усуллари ва юқори самарали клиник протоколлар бўйича тажриба алмашилмоқда.
Бундай халқаро ҳамкорлик ва билим алмашуви неонатология соҳасини ривожлантириш, янги туғилган чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва болалар ўлими кўрсаткичларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Бухоро вилоятида фаолият юритаётган қатор корхоналарда бўлди.
Жумладан, “Le UAT de Bukhara”, “Gufik-Avicenna” ҳамда “Tibtexnika” корхоналари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, ишлаб чиқариш жараёнида юзага келаётган муаммолар муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида корхоналар фаолиятини янада ривожлантириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айрим муаммолар жойида ҳал этилди.
Шунингдек, соҳадаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, маҳсулот сифатини янада ошириш ва ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошликни мустаҳкамлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
***
Нукус шаҳрида Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасида бўлаётган “Табассум ҳадя этамиз” («Дарим улыбку») халқаро фонди иштирокидаги хайрия акцияси давом этмоқда.
Тадбир доирасида 70 нафардан ортиқ беморларда юқори технологик пластик жарроҳлик амалиётлари бажарилиши режалаштирилган. Бир неча кун давомида уларнинг 60 нафардан ортиғида операциялар муваффақиятли амалга оширилди.
Ушбу акциянинг гуруҳ раҳбари жаҳоннинг машҳур пластик жарроҳи Ҳасан Баиев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони билан тақдирланди.
***
Жиззах вилояти Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасида шифокорлар малакасини оширишга қаратилган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Унда замонавий тиббиётнинг долзарб йўналишлари: коронарография, ўткир коронар синдром, кардиохирургия ва аритмология мавзуларида маърузалар ўқилди.
Мазкур ўқув машғулотларини Миллий тиббиёт марказининг тажрибали мутахассислари – аритмолог Илҳом Турсунқулов ҳамда кардиожарроҳ Жонибек Юнусов олиб борди.
Семинар якунида иштирокчиларга 72 соатлик малака ошириш сертификатлари топширилди. Бундай амалий ва назарий машғулотлар ҳудудларда тиббий хизмат сифатини янада оширишга хизмат қилади.
***
С.Д.Асфендияров номидаги Қозоғистон давлат тиббиёт университетида Жарроҳлик ва топографик анатомия бўйича IV Халқаро талабалар олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси, жумладан Тошкент давлат тиббиёт университетининг “Genesis” клуби аъзолари ҳам иштирок этди.
Олимпиадада МДҲ давлатларининг 10 та олий тиббий таълим муассасалари талабалари жам бўлди.
Қувонарлиси, жамоамиз олимпиадада юқори натижа кўрсатиб, жамоавий ҳисобда фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Бу ютуқ жамоанинг бирдамлиги, билимга чанқоқлиги ва устозларнинг муносиб ҳиссаси самарасидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА