Қаршида 4 эгизак қизалоқ дунёга келди. Гап шундаки, Китоб туманилик Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова 5 нафар қизни катта орзу-ҳаваслар билан камолга етказаётганди. Яқинда бу оилада бир йўла яна 4 қизалоқ туғилди. Натижада ушбу оила 9 қизли бой хонадонга айланди.
Эгизаклар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида муддатидан олдин кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келди.
Биринчи қизалоқ вазни 1400 гр, бўйи 37 см.
Иккинчи қизалоқ вазни 1450 гр, бўйи 38 см.
Учинчи эгизакнинг вазни 1600 гр, бўйи 40 см.
Тўртинчисининг вазни 1400 гр, бўйи 37 см.
Айни пайтда қизалоқлар филиалда халқаро протоколлар асосида парваришланмоқда, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
***

Ўзбекистон миллий академик драма театрида Тошкент давлат тиббиёт университети томонидан Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари ходимлари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, кўп тармоқли клиникалар шифокорлари, талаба-ёшлар ҳамда фахрий тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Университет ректори Шуҳрат Боймурадовтиббиёт ходимларининг халқ саломатлигини сақлаш, инсон ҳаётини асраш йўлидаги фидокорона хизматлари учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ўқув ва илмий клиникалар, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида ўз касбига садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилаётган бир қатор ходимлар “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг фахрий ёрлиғи ҳамда университетнинг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Тошкент давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникалари шифокорлари ҳам ўзининг касбий маҳорати, фидойилиги ва беморларга меҳр билан ёндашгани учун эътироф этилди.
Ўзбек миллий академик драма театри ижодкор жамоаси томонидан саҳналаштирилган спектакль тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
***

Шу кунларда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “НОВАМЕД-2025” Бутунроссия халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир тиббий буюмлар ва тиббий техника воситаларининг ишлаб чиқилиши, синовдан ўтказилиши, рўйхатдан ўтказилиши ҳамда уларнинг хавфсизлиги масалаларига бағишланган.
Мазкур форум соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида илғор тажриба алмашиш, инновацион ечимларни муҳокама қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи нуфузли платформа ҳисобланади.
Унда 1000 дан ортиқ иштирокчилар жумладан, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Сербия, Оман каби давлатлар билан бир қаторда Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.
Форум доирасида етакчи регулятор органлар, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари ўртасида фармацевтика ва тиббий жиҳозлар соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашинуви, янги технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда.
***
Миллий тиббиёт марказига Хитой Халқ Республикасининг GX Foundation ташкилоти раиси Леунг Чун-йинг ҳамда бош ижрочи директор профессор Эмили Йинг Янг Чан бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф чоғида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсонпарварлик йўналишидаги тиббий ташаббусларни ривожлантириш ва қўшма лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди.
GX Foundation – Хитой Халқ Республикасининг Ҳонгконг шаҳрида жойлашган, Осиё мамлакатларида жамоат саломатлигини ривожлантириш ва инсонпарварлик тиббий ёрдамни йўлга қўйишга қаратилган нотижорат ташкилотдир.
Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Миллий тиббиёт марказининг фаолияти ҳақида маълумот берилди.
***
Табиий йўл билан тиш эмалини тиклаш усули топилди. Гап шундаки, Ноттингем университети олимлари шикастланган ёки эскирган тиш эмалини тиклайдиган, соғлом тишларни мустаҳкамлайдиган ва кейинги чиришнинг олдини оладиган оқсил гелини ишлаб чиқди. Тадқиқот Nature Communications (NatCom) журналида чоп этилди.
Анъанавий фторидли даволаш усулларидан фарқли ўлароқ, янги гель муаммони яширмайди, балки том маънода эмални қайта тиклайди. У чақалоқларда эмаль ўсишини бошқарадиган табиий оқсиллар асосида яратилган. Қўлланилгандан сўнг, гель микро ёриқлар ва тешикларни тўлдирадиган юпқа, бардошли қатлам ҳосил қилади ва кейин эпитакциал минерализация – сўлакдан чиқадиган янги калций ва фосфат кристалларининг назорат остида ўсиш жараёнини бошлайди.
Гел қўлланилгандан икки ҳафта ўтгандан сўнг, тиш сирти соғлом тиш ҳолатига қайтади. Бу электрон микроскоп орқали тасдиқланган. Материал шунингдек, тиш сезгирлигини камайтириш ва пломба қўйишда ёпишишни яхшилаш учун сирти очиқ қолган тиш қисмига ҳам қўлланиши мумкин.
Муаллифларнинг сўзларига кўра, технология хавфсиз, улардан фойдаланиш осон. Ишланмани кейинги йил бозорга чиқариш режалаштирилмоқда.
***
2025 йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикасида Реимбурсация дастури доирасида касалликлар бўйича 64 минг 285 нафар бемор бепул дори воситалари билан таъминланди. Ҳудуд бўйича 103 минг 167 та рецепт расмийлаштирилиб, 3,6 млрд. сўмдан ортиқроқ маблағ Давлат тиббий суғурта жамғармаси томонидан тўлаб берилди.
Ушбу ҳудуддаги барча туман ва шаҳарлардаги дорихоналар дастур доирасида иштирок этмоқда ҳамда дори воситалари "Д" рўйхатдаги сурункали беморларга бепул тақдим этилмоқда.
Энг фаол ҳудудлар Тўрткўл, Беруний, Қораўзак, Кегайли ва Тахиатош туманлари бўлиб, айрим шифокорлик пунктларида дастурда иштирок даражаси паст бўлиб қолмоқда. Масалан, Амударё тумани “Бердах” ҳамда Бўзатов тумани “Сатлиқ” ОШПларида дастур ҳали амалга жорий этилмаган.
Давлат тиббий суғуртаси тизими орқали аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш соғлом жамият сари ташланган муҳим қадамдир.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА