Тиббиёт муассасаларига янги жиҳозлар
Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ва қарорлари ижроси доирасида мамлакатимиздаги шифо масканларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш изчил равишда давом этмоқда.
Жорий йилнинг февраль ойида Республика соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Наманган вилоятига хизмат сафари давомида Наманган тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, яратилган шарт-шароитлар билан танишиш давомида, муассасанинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида замонавий анжомлар билан жиҳозланиши тўғрисида маълум қилган эди.

Шунга асосан, “Корея экспорт-импорт банки” билан ҳамкорлик доирасида туман тиббиёт бирлашмасига умумий қиймати 2 миллиард 349 миллион сўмга тенг бўлган 25 турдаги, жами 38 та замонавий тиббий жиҳоз келтирилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодировнинг қайд этишича, рақамли рентген аппарати, наркоз бериш воситалари, видеокольпоскоп, аудиометр, лор комбайн, плазмали стерилизатор ва кардиомонитор сингари такомиллашган воситалар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

Эътиборлиси шундаки, бундай замонавий тиббий аппаратуралар Наманган вилоятидаги шаҳар, туманлардаги 14 тиббиёт бирлашмасига етказиб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.