Тиббиёт чиқиндилари утилизацияси қай ҳолатда?
Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳитга турли зарар етказиши билан бирга, инсон саломатлиги учун ҳам хавф туғдириши мумкин. Шу боис, халқаро тажрибада тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш экологик ва санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизда ҳам муайян ишлар амалга ошириб келинади.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда республикамизда фаолият кўрсатган 12 минг 111 та даволаш-профилактика муассасасида қарийб 228 тонна чиқинди ҳосил бўлган. Бундай турдаги чиқиндиларни утилизация қилиш кенг қамровли ва ҳар томонлама пухта ўйланган ёндашувни талаб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси билан ҳамкорликда тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 июлдаги “Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиёт чиқиндиларининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечим ва технологияларни жорий этиш, тиббиёт чиқиндиларини экологик тоза усулларда зарарсизлантириш имконини бермоқда.
Депутатлар томонидан Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Жараёнда ижобий ҳолатлар билан бир қаторда, тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш учун тегишли ташкилотларга тўлиқ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиши назарда тутилган бўлса-да, айрим тиббиёт муассасалари томонидан бундай шартномалар тўғридан-тўғри тузилмаган. Бу эса тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилишни ташкил этиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, айрим ҳолатларда тиббиёт чиқиндиларини йиғиш ва ташишда санитария норма ва қоидаларига тўлиқ риоя этилмаётгани кузатилмоқда.
Муҳокамаларда тиббиёт муассасаларида чиқиндиларни саралаш ва сақлаш бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, тиббиёт чиқиндиларини зарарсизлантириш масаласига жиддий эътибор қаратиш, бу борада белгиланган талабларга жиддий амал қилиш зарурлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, бу йўналишдаги чора-тадбирлар ҳам табиат муҳофазасини, ҳам инсон саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА