“ТХИФ-2026” доирасида халқаро кўргазма иш бошлади
Бугун “CAEx” мажмуасида йирик халқаро саноат кўргазмаси очилди. V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида иш бошлаган мазкур майдон Ўзбекистон иқтисодиётининг асл салоҳиятини намойиш этиш баробарида мамлакатимиз саноатининг яқин йиллардаги ривожи, сармоявий истиқболи ҳақида ҳам аниқ тасаввур беради. Меҳмонларда жиддий қизиқиш уйғотган ушбу тадбир маҳаллий ва хорижий инвесторлар, бизнес вакиллари ҳамда халқаро молия институтлари диққат марказида турибди.
Қарийб 6 000 квадрат/метр майдонни қамраб олган экспозицияда иқтисодиётимизнинг энг муҳим тармоқлари кенг намойиш этилмоқда. Нефть-газ-кимё саноати, машинасозлик, электротехника, металлургия, қурилиш материаллари, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган замонавий лойиҳалар тақдим этилган. Айниқса, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар хорижий инвесторлар эътиборини тортяпти.
[gallery-29981]
Кўргазма анчайин кенг қамровли тадбирга айланди. Мажмуада республикамизнинг саноат сиёсати, ишлаб чиқариш занжири ва инвестиция муҳити намоён. Илгари сурилаётган лойиҳалар юртимизнинг хом ашё етказиб берувчи давлатдан юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарувчи мамлакатга айланиш йўлидаги саъй-ҳаракатини яққол акс эттирган.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар учун фойдали музокара майдони вазифасини ҳам ўтаётган анжуманда бизнес вакиллари, инвестиция жамғармалари, давлат идоралари ва халқаро молия институтлари ўртасида учрашувлар ташкил этилмоқда. Мутахассислар фикрича, айнан шундай мулоқотлар инвестициявий қарорларни тезлаштириш, янги шериклар топиш ва қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман, 100 га яқин мамлакатнинг 9 000 дан зиёд вакили қатнашаётган форум Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, янги саноат лойиҳаларини йўлга қўйиш орқали халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё,
Фарход Абдурасулов (сурат),
ЎзА