“The Drive of Peace” халқаро электромобиль экспедицияси Ғиждувонда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатлана бошлаган “The Drive of Peace” халқаро электромобиль экспедицияси иштирокчилари Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди.
Электр ва гибрид автомобилларда амалга оширилаётган мазкур халқаро саёҳатнинг асосий мақсади Буюк ипак йўли меросини замонавий технологиялар уйғунлигида қайта кашф этиш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб этишдан иборат.
[gallery-30295]
Экспедиция иштирокчилари Ғиждувонга ташрифи давомида ҳудуднинг қадимий тарихи, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва маданий мероси билан яқиндан танишди. Айниқса, Ғиждувон кулолчилик мактаби, унинг асрлар давомида шаклланган ўзига хос услуби меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
“The Drive of Peace” лойиҳаси экологик тоза транспорт воситалари орқали саёҳат қилиш билан бирга тинчлик, маданий мулоқот ва барқарор ривожланиш ғояларини тарғиб этишга қаратилган муҳим ташаббусдир. У юртимизнинг тарихий қадамжолари, миллий қадриятлари ва туризм имкониятларини халқаро миқёсда кенг намоён этишга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА