Тез тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида “Тез тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари – 2026” мавзусида халқаро малакали мутахассислар иштирокида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги 300 нафардан ортиқ мутахассис, эксперт ва олимлар иштирок этди.
Жумладан, АҚШ, Россия Федерацияси, Корея, Туркия, Япония, Сингапур, Индонезия, Беларус Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси каби 10 дан ортиқ хорижий давлат вакиллари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари маърузалар қилиб, ўз тажрибалари, ютуқлари ва инновацион ечимлари билан ўртоқлашди.
Қайд этилганидек, ривожланган мамлакатларда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришиш, энг аввало, аҳоли саломатлиги даражаси билан белгиланади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ИҲТТ) аъзо мамлакатларда тез тиббий ёрдам тизимини рақамлаштириш 2021 йилда ўртача 93 фоиздан ошди, 2012 йилда эса бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этган эди.
[gallery-28707]
Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида рақамли трансформация, шунингдек, маълумотлар алмашинуви ва қоғоз тиббий ҳужжатларни рақамлаштириш, автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимларини жорий этиш, тез тиббий ёрдамда вертикал бошқарув тизимини ташкил этиш, “колл-марказ”ларни жорий этиш ва хизматнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш устувор вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори доирасида Республика тез тиббий ёрдам маркази ташкил этилиб, вертикал бошқарув тизими жорий этилди. Ушбу тизимга 103 хизматига қўнғироқларни қабул қилувчи 14 та филиал ва 14 та алоҳида “Колл-марказ” шунингдек, 184 та станция, 40 та подстанция ва 1 минг 489 та таянч пункти, шунингдек, 3 минг 987 та тез тиббий ёрдам машинаси ва 66 минг 802 нафар ходим бирлаштирилди. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам тизимини тўлиқ рақамлаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
Тез тиббий ёрдам хизматининг рақамли маълумотлар базасини бошқаришга услубий ёндашув асосида MedData 103 рақамли платформа ишлаб чиқилган бўлиб, у беморлар, чақирувлар ва умуман хизмат фаолияти ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини кенгайтиради.
Дастурий таъминот реал вақт режимида маълумотлар алмашинуви, визуал назорат, тизимли таҳлил ва мослашувчан бошқарувни таъминлади. 14 та ягона рақамли колл-марказнинг ташкил этилиши натижасида қўнғироқларни қабул қилиш вақти 6-8 дақиқадан 1-2 дақиқагача, қўнғироқларни бригадаларга йўналтириш вақти 10-20 дақиқадан 1-2 дақиқагача, тез ёрдам бригадасининг етиб келиш ва ёрдам кўрсатиш вақти 20-30 дақиқадан 12-15 дақиқагача, кечикишлар эса 15 фоиздан 8-9 фоизгача қисқарди.
Аҳоли ўртасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни барвақт аниқлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий хизматларни янги босқичга олиб чиқиш орқали эрта ўлим ва ногиронлик ҳолатларини камайтириш, беморларни соғломлаштириш ҳамда реабилитация қилиш тизимини яратиш, шунингдек, аҳолига кардиологик ва неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январда “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда тез тиббий ёрдам хизматига қатор вазифалар белгиланган, яъни бригадалар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга бўлган телеметрик электрокардиографлар ва мониторли дефибрилляторлар билан жиҳозланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2026 йил 1 мартга қадар Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 2026 йил 1 сентябрга қадар босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини – ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни ташхислаш (инфарктда ЭКГ-телеметрия, инсультда FAST алгоритми ва бошқалар), беморларда тромб эритувчи муолажаларни ўтказиш ҳамда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш курсларида ўқитиш, халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник маршрутларини (clinical pathways) амалиётга жорий этиш, шунингдек, тез тиббий ёрдам колл-марказларида “Кардиология постлари”ни ташкил этиш йўлга қўйилади.
Конференция доирасида ўтказилган “Энг яхши тез тиббий ёрдам бригадаси” халқаро кўрик-танловида жами 19 та жамоа иштирок этди. Улар орасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон ва Андижон тиббиёт институтлари ҳамда Россия (Уфа), Беларус (Минск) ва Қозоғистон (Семей) шаҳарларидан келган жамоалар беллашди.
Мусобақалар жараёнида иштирокчилар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юрак-ўпка реанимациясини амалга ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга ёрдам бериш каби муҳим йўналишларда ўз маҳоратларини намоён этдилар. Бу эса уларнинг касбий тайёргарлиги ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини яққол кўрсатди.
Якунларга кўра, учинчи ўрин Қозоғистон Республикаси жамоаси ва Фарғона вилояти филиалига, иккинчи ўрин Беларус жамоаси ҳамда Қорақалпоғистон филиалига насиб этди. Фахрли биринчи ўрин эса Россия Федерациясининг Уфа шаҳри жамоаси билан бир қаторда Самарқанд вилояти филиали жамоасига насиб этди.
Ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, конференция якунида тез тиббий ёрдам тизимидаги намунали ва фаол ходимлар “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Республика тез тиббий ёрдам хизмати аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.