Техникум директорларига 50 фоиз устама берилади
Техникум директорлари ва уларнинг ўринбосарлари учун замонавий бошқарув кўникмасини шакллантиришга қаратилган менежерлик ўқув курси йўлга қўйилди.
Машғулот Абдулла Авлоний номли Педагогик маҳорат миллий институти томонидан Касбий таълим агентлиги, Касбий таълимни ривожлантириш институти, GIZ, “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” тузилмасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Helvetas” лойиҳаси вакиллари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур асосида ташкил этилди.

Президентнинг 2025 йил 23 октябрдаги қарори билан техникум раҳбарлари учун менежерлик ўқув курси ташкил этиш ва мутахассисларнинг замонавий бошқарув қобилиятини ривожлантириш вазифаси белгиланган.

Ўқув жараёнида стратегик режалаштириш, инновацион бошқарув, таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, молиявий ва меҳнат ресурсларини бошқариш, бошқарув психологияси каби йўналишларга эътибор қаратилмоқда.

Эътиборли жиҳати, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб менежерлик сертификатига эга техникум директорларига лавозим маошининг 50 фоизи, директор ўринбосарларига эса 30 фоизи миқдорида устама тўланади.

Янги тизим техникум раҳбарлари касбий салоҳиятини ошириш баробарида ўқув муассасаларини самарали бошқариш, жамоа ишини тўғри ташкил этиш ва таълим сифатини яхшилашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА