Тест – адолат мезони
Олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёнида адолат ва шаффофликни таъминлаш мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Барча абитуриентлар учун тенг имкониятлар яратиш, инсон омилини минималлаштириш ҳамда билим ва салоҳиятни холис баҳолашга қаратилган замонавий тизим Жиззах вилоятида ҳам белгиланган тартиб асосида самарали йўлга қўйилган.
2026-2027 ўқув йили қабули учун абитуриентларни рўйхатга олиш 5 июндан 25 июнга қадар тўлиқ электрон шаклда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти ҳамда давлат интерактив хизматлари портали орқали амалга оширилди. Натижада Жиззах вилоятида тест синовларида иштирок этадиган абитуриентлар сони 34 минг 492 нафарни ташкил этди.
– Бугун қабул жараёнининг бош мезони – адолат. Ҳар бир абитуриент фақат ўз билими билан рақобатлашиши учун барча ташкилий ва техник имкониятлар ишга солинган, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Иброҳим Ҳотамов.
Тест синовлари Шароф Рашидов туманидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими ҳамда Жиззах шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида ўтказилмоқда. Ҳар бир сменада 1920 нафар, кунига икки сменада эса 3840 нафар абитуриент тест топшириқларини бажармоқда. Синовлар 14 июлдан 22 июлга қадар, тўққиз кун давом этади.
[gallery-30412]
Биринчи кун якунлари ҳам жараённинг белгиланган тартиб асосида ўтаётганини кўрсатди. Тестда иштирок этиши лозим бўлган 3840 нафар абитуриентнинг 268 нафари келмади. Киришда тақиқланган воситаларни олиб киришга уринган 2 нафар абитуриент жараёндан четлаштирилди. Қолган 3570 нафар абитуриент низом талаблари асосида тест синовларида иштирок этди.
– Қабулда имтиёз ҳам, истисно ҳам йўқ. Белгиланган қоидалар барча учун бир хил. Бу эса ҳар бир натижанинг холис ва ишончли бўлишини таъминлайди, – дейди Иброҳим Ҳотамов.
Тест синовлари ўтказилаётган биноларда иштирокчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар бир абитуриент алоҳида стол ва стул билан таъминланган, бинолар замонавий совитиш қурилмалари билан жиҳозланган.
Шаффофликни таъминлаш мақсадида биноларда 72 та стационар кузатув камераси, 6 та 360 градусли камера, 8 та онлайн эфирга узатувчи камера ва кириш жойларига 7 та юзни идентификация қилиш камераси ўрнатилган. Шунингдек, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мутахассислари махсус планшетлар орқали шахсни аниқлаш ишларини амалга оширмоқда.
Тест жараёнида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан шартнома асосида ишлаётган 147 нафар гуруҳ назоратчиси ва сурдотаржимон фаолият юритмоқда. Имконияти чекланган абитуриентлар учун ҳам барча қулайликлар яратилган. Эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлганлар учун сурдотаржимонлар жалб қилинган, таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бор абитуриентларга аравачалар ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Абитуриентларга математика ва физика фанларидан асосий формулалар жадвали, Менделеев даврий жадвали ҳамда йўриқномалар тарқатилмоқда. Шунингдек, ота-она ва яқинлари учун соя-салқин кутиш жойлари ташкил этилган бўлиб, катта мониторлар орқали тест жараёни онлайн намойиш қилинмоқда. test2026.uz сайти орқали ҳам синовларни кузатиш мумкин.
Мутахассислар абитуриентларга белгиланган вақтдан кечикмасдан келиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва рухсатнома билан қатнашиш ҳамда тақиқланган буюмларсиз ҳудудга кириш зарурлигини яна бир бор эслатмоқда. Зеро, адолатли баҳолаш аввало барчанинг қоидаларга бирдек амал қилиши билан таъминланади.
Билим рақобати кечаётган ушбу синовларда ғолибни таниш-билиш эмас, тайёргарлик ҳал қилади. Ана шу тамойил қабул тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаб, ёшларнинг эртанги тақдири билим ва салоҳиятига таяниб белгиланишига хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари