Термизда афғон фуқаролари касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланмоқда
Термиз туманидаги Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида амалга оширилган “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида бажарилган ишларга бағишланган тантанали маросим ва карьера фестивали бўлиб ўтди.
Халқаро ва иш берувчи ташкилотлар, афғон диаспораси вакиллари, лойиҳа ҳамкорлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Ойбек Ашуров, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси Тоиво Клаар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Акико Фужии ва бошқалар қўшни Афғонистон фуқароларига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Президентимиз ташаббуси минтақадаги барча давлатлар, шу жумладан, Афғонистон билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ишга туширилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳам минтақамизда савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айлангани, шунингдек, ён қўшни давлат фуқароларининг савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишлари учун барча шароит яратилгани таъкидланди. Европа Иттифоқи молиялаштирган “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси минтақада афғон фуқароларининг таълим олиши, касбий кўникмаларга эга бўлиши ва ижтимоий-иқтисодий мослашувини таъминлашда яхши самаралар бераётгани хусусида фикр алмашди.

Европа Иттифоқи маблағи ҳисобидан молиялаштирилиб, БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳага икки миллион доллар ажратилиб, мақсадли ва шаффоф сарфланди. Босқичма-босқич ёндашув асосида таълимдан бандликка олиб борувчи узлуксиз занжир яратилди.

Афғонистон фуқароларининг олий ва техник-касбий таълимда таҳсил олиши молиявий қўллаб-қувватланиб, олий таълим муассасаларида таълим олаётган 136 нафар афғон фуқаросининг тўлов-контракт ва стипендия харажатлари қопланди. Техник ва касбий таълим, қисқа ва ўрта муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Таълим марказининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, 29 ўриндиқли автобус, серверлар, компьютерлар ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминланди. Конференция хонаси ва коворкинг маркази ташкил этилиб, замонавий мультимедиа воситалари билан жиҳозланди. Битирувчиларни иқтисодий фаолликка жалб этиш учун тадбиркорликни ривожлантириш курслари ва ваучер (мини-грант) механизми жорий қилинди. 600 дан ортиқ афғон фуқароси техник ва касбий таълим курсларида ўқитилди.

Бизнесни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ўқув курслари якунлари асосида бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиб, белгиланган баҳолаш мезонларига мувофиқ ижобий натижа кўрсатган 30 нафар иштирокчининг ҳар бирига икки минг доллардан ваучер (мини-грант) ажратилди. Мазкур молиявий қўллаб-қувватлаш механизми иштирокчиларнинг ишлаб чиқилган бизнес ғояларини амалиётга татбиқ этиш, кичик тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ўзини-ўзи банд қилишини таъминлашга қаратилди. Ваучер маблағлари асосан ишлаб чиқариш воситалари ва асбоб-ускуналар хариди, хомашё таъминоти ҳамда бошланғич фаолият билан боғлиқ зарур эҳтиёжларни қоплашга йўналтирилди.

Лойиҳа доирасида ташкил этилган очиқ танлов асосида маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 39 нафар иштирокчининг ҳар бирига тўрт минг долларгача бўлган грант маблағлари ажратилди. Бу дастурда лойиҳа ўқув курслари иштирокчилари билан бирга истиқболли бизнес ғоясига эга бошқа ташаббускор афғон фуқаролари ҳам иштирок этди. Грант маблағлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун зарур бўлган ускуна ҳамда воситаларни харид қилишга йўналтирилди.

– Марказнинг ўқув курсида тикувчилик йўналишида ўқиб, касб сирларини янада чуқур ўргандим, – дейди Дўстмуҳаммад Полвашод. – Грант маблағини қўлга киритиб, замонавий тикув ускуналари харид қилдим. Ҳозир Термиз шаҳрида ўз бизнесимни йўлга қўйиб, буюртмачиларга турли кийим-кечак тикиб беряпман. Даромадим яхши. Тинч, тўкин яшаяпмиз.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги афғон фуқароларининг янги бизнес ташаббусларини шакллантириб, мавжуд фаолиятларини кенгайтирди. Қўшимча иш ўринлари ва барқарор даромад манбалари яратилди. Таълимдан бандликка ўтишнинг барқарор модели юзага келди.

Тадбирда лойиҳа доирасида эришилган натижалар тақдимоти ўтказилди. Лойиҳа иштирокчилари ва битирувчилар билан мулоқот қилиниб, бандлик ва тадбиркорликни ривожлантиришдаги келгуси режалари муҳокама этилди. Афғон битирувчиларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичини бошлаш масалалари ва келгуси режалар кўриб чиқилди.

Карьера фестивалида иштирокчилар иш берувчилар, бизнес вакиллари ва лойиҳа ҳамкорлари билан учрашиб, янги иш ўринлари, амалиёт дастурлари ва тадбиркорлик имкониятлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири