Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Буюк Темурийларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва Учинчи Ренессанс” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Халқаро Амир Темур жамоат фонди, Навоий вилояти ҳокимлиги, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Навоий давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда олимлар ва ёшлар иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар Амир Темур ҳамда темурийларнинг илм-фан, маданият, меъморчилик ва давлат бошқаруви соҳалари ривожига қўшган ҳиссаси, беқиёс мероси, уларнинг жаҳон цивилизациясига кўрсатган таъсири, шунингдек, Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги замонавий ёндашувлар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Амир Темур ва темурийлар даврида иқтисодиёт, илм-фан, санъат, маданият гуллаб-яшнаган. Бу давр эса иккинчи Ренессанс деб баҳоланган. Ўша даврда санъат ва адабиётда, хусусан, меъморчиликда катта ютуқларга эришилган.
Тарихчиларнинг ёзишича, Амир Темур ажойиб боғ-роғли муҳташам иншоотлар барпо этган, шаҳар ва қишлоқларни тиклаган. Суғориш тизимлари барпо қилиниб, таъмирланган. Унинг ишларини темурийзода Мирзо Улуғбек ҳам давом эттириб, мадрасалар ва кутубхоналар қурдирган. Ҳозирги кунгача у томонидан бунёд этилган расадхона дунё олимларини лол қолдириб келмоқда.
[gallery-26176]
Тадбир давомида Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Муҳаммад Али томонидан университетнинг бир гуруҳ олим ва тадқиқотчиларига “Амир Темур” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва ноёб тарихий китоблар тақдим этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари