Темурийлар даврининг буюк сиймолари
Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда “Темурийлар даврининг буюк сиймолари” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва темурийлар салтанати бетакрор давлатчиликнинг ёрқин намунаси бўлиши билан бирга адабиёт, маданият, илм-фан, ҳунармандчилик ривожида катта ўрин эгаллагани билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди. Айнан шу даврда буюк алломалар, шоир ва мусаввирлар, китобат, хаттотлик, меъморлик илмининг билимдонлари майдонга келди. Бу давр маданиятида ўзига хос илмий-фалсафий йўналишлар билан бирга бетакрор бадиий-эстетик тамойиллар ҳам шаклландики, уларни тадқиқ этиш масаласи бугунги кунга қадар жаҳон олимларининг диққат-эътиборида, илмий изланишларида устуворл аҳамият касб этмоқда.
Тарихий манбаларга кўра, даврнинг етук олиму ижодкорлари бўлган Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Қоший, Али Қушчи ва бошқа олимлар илмий фаолият билан шуғулланган бўлсалар, Саккокий, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод сингари ижодкорлар ўзининг бетакрор асарлари билан сўз ва тасвирий санъат ривожига алоҳида ҳисса қўшдилар. Темур ва унинг авлодлари даврида Туронзамин маданий ҳаётида салмоқли ижобий силжишлар рўй берди. Унинг равнақида Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ сиймолар, кўплаб тарихнавислар, мусиқа билимдонлари, меъморларнинг ҳам муносиб улушлари бор, албатта.
Тадбирда Темурийлар даврининг буюк алломалари фаолияти, ижодининг ўзига хослиги, жаҳон цивилизациясида тутган бетимсол аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Музейда шунингдек, “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларига ишланган миниатюралар” мавзусида ҳам кўргазма ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фундаментал кутубхонасида ҳам Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига оид китоблар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА