“Темурийлар даври ренессанси: фан, таълим ва маданият тараққиёти”
Самарқанд давлат педагогика институтида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати шу мавзуда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Германия ва Хитойдаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар онлайн ва бевосита иштирок этди.
Анжуманда Самарқанд давлат педагогика институт ректори Шаҳзода Негматова, Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси бошлиғи Лочинбек Яхшиликов, Туркиянинг туркшунослик тадқиқотлари институти профессори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих институти илмий ходими Шафоаддин Дениз Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданиятга қаратилган эътибор самарасини ўрганиш бугун учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-28615]
Конференция давомида иштирокчилар буюк жаҳонгирнинг фаолияти, кучли марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги ҳарбий салоҳияти, сиёсий ва иқтисодий тафаккури ҳақида маърузалар қилди. Самарқанд ва бошқа шаҳарларда бунёд этилган мадрасалар, бу муассасаларда ўз даврининг етук олимлари сабоқ бергани, Соҳибқирон дунёнинг турли ўлкаларидан нафақат уста ва ҳунармандлар, балки илм аҳлини ҳам ўз мамлакатига чорлаб уларга қўллаб-қувватлагани ҳақида тарихий манбалар асосида сўз юритилди.
– Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гапирганимизда буюк жаҳонгирнинг қудратли давлат барпо этгани, бунёдкорлик ишларига кўп эътибор қаратамизу лекин илм-фан ҳомийси сифатида ҳам олим ва ижодкорлар, мударрислару диний уламоларни қўллаб-қувватлагани, бир қатор мадрасалар ташкил этгани ҳақида кам гапирамиз, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов. – Ваҳоланки, буюк бобомиз нафақат Самарқанд ва бошқа шаҳарларимизда, балки қайси юртни эгаллаб олган бўлса, ўша жойларда ҳам масжид ва мадрасалар қурдирган, илм-фан ривожи учун шароит яратиб берган. Улуғ жаҳонгирнинг ўз фарзандлари таълим-тарбиясига эътибори бу ўша даврнинг маърифатига, жамиятнинг эртанги кунига эътибори ҳисобланади.
Анжуман якунида Темурийлар даври меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий таълим тизимига интеграция қилиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Халқаро конференция қатнашчилари Самарқанддаги Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий-маданий обидаларни зиёрат қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари