“TechnoWays”: ёшларни бирлаштирган лойиҳа
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети маданият саройида “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони республика босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг мутасаддилари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, тадбиркорлар, марафоннинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги олий таълим муассасалари ва ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 100 нафардан ортиқ инноватор ёш, шунингдек, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони олий таълим муассасаларидаги илмга чанқоқ, иқтидорли ёшларнинг инновация, стартап, технология, дастурлаш борасидаги билимларини ошириш, лойиҳалар яратиш ҳамда тижоратлаштириш кўникмаларини шакллантиришга йўналтиришда катта аҳамият касб этади.
Марафоннинг олий таълим муассасалари ва ҳудудий босқичлари дастурий таъминот ва технологик ечим йўналишлари бўйича илмий ҳамда инновацион ғоялар, лойиҳалар, шунингдек, ташаббуслари бор 30 ёшгача бўлган минглаб истиқболли ҳамда инноватор ёшларни бирлаштира олган йирик лойиҳалардан бирига айланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 11 октябргача давом этадиган мазкур марафонда иштирокчилар “3D модельлаштириш”, “DroneRacing” йўналишларида онлайн ҳамда амалий тарзда инновацион ғоялар яратиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлади.
Марафонда иштирокчилар тегишли йўналишлар кесимида ўзларининг инновацион ҳамда дастурий лойиҳалари тақдимотини ўтказади. Иштирокчиларнинг инновацион лойиҳалари тегишли соҳа мутахассисларидан иборат экспертлар томонидан баҳоланади. Шунингдек, марафон доирасида иштирокчилар билан биргаликда турли хил маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилади.
Тадбир олий таълим муассасаларининг қобилиятли талабалари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.