ТДТ доирасидаги мувофиқлашув Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг минтақадаги стратегик ролини кучайтирмоқда
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги ўзаро мувофиқлашув Марказий Осиё – Кавказ маконида ягона сиёсий-иқтисодий блок шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бу жараён минтақанинг анъанавий таъсир марказлари – АҚШ, Россия, Эрон ва Хитойни жалб қилган ҳолда янги геосиёсий динамикани юзага келтирмоқда.

Сиёсий шарҳловчи, АзерТАЖ мухбири ва Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) аъзоси Элмир Сафтаров бу борада ўз фикрларини билдирди:
– Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамда стратегик салоҳияти ТДТнинг умумий қудратини шакллантирувчи асосий омиллардан ҳисобланади. Бу салоҳиятдан самарали фойдаланиш ташкилот ичидаги интеграцияни тезлаштириб, минтақанинг глобал аҳамиятини оширади. Айни дамда муқобил транзит йўлакларининг ишга туширилиши янги иқтисодий ва стратегик имкониятларни очиб, ТДТ давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, сиёсий суръатни ошириш ва иқтисодий мобилликни кенгайтиришга хизмат қилади. Натижада аъзо давлатларнинг кўп векторли дипломатияси мустаҳкамланиб, мувозанатни сақлаш стратегиялари янада самаралироқ амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатларнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаб, танлов маконини кенгайтиради.
Бу борада Транскаспий халқаро транспорт йўналиши номи билан машҳур бўлган Ўрта йўлак алоҳида ўрин тутади. У Кавказни Озарбайжон орқали Марказий Осиё, шу жумладан Ўзбекистон ва бошқа давлатлар билан боғлайдиган ҳамда келажакда янада рақобатбардош логистика тизимига айланиши мумкин бўлган тезроқ ва сиёсий жиҳатдан хавфсизроқ муқобил транзит йўли сифатида эътироф этилмоқда.
Ўрта йўлакни кенгайтириш орқали ТДТга аъзо мамлакатларнинг нафақат транзит даромадларини ошириш, балки уларни жаҳон савдосининг янада кучлироқ иштирокчиларига айлантириш мумкин. Умуман олганда, логистика имкониятларининг ривожланиши давлатларнинг сиёсий таъсирини кучайтиради. Шу нуқтаи назардан, ТДТ давлатлари логистика ва хавфсизлик соҳасида янада мувофиқлашган сиёсатни шакллантиришга интилмоқда.
Шу билан бирга, ТДТнинг тўлақонли, кучли геосиёсий иштирокчига айланишига тўсқинлик қилаётган қатор қийинчиликлар ҳам бор.
Сўнгги йилларда ТДТ иқтисодий ва маданий ҳамкорлик билан чекланиб қолмай, стратегик мувофиқлаштириш марказига айланмоқда. Бу эса аъзо давлатлар ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ташкилотни тўлақонли геосиёсий блок мақомига яқинлаштиряпти.
Ушбу жараёнда ТДТга аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари/вице-президентларининг Бокуда бўлиб ўтган учрашуви алоҳида аҳамият касб этади. Учрашув бежизга айнан Озарбайжонда ўтказилмади. Зеро, ушбу давлат минтақавий жараёнларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий соҳада муҳим роль ўйнамоқда.
Учрашув доирасида янги геосиёсий таҳдидлар муҳокама қилиниб, мавжуд муаммолар юзасидан умумий ёндашувлар ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди. Қолаверса, ҳамкорликнинг янги стратегик йўналишлари бўйича қатор келишувларга эришилди.
Замонавий дунёда кучлар мувозанати шиддат билан ўзгариб, янги геосиёсий воқеликлар шаклланмоқда, иқтисодий жиҳатлар ва хавфсизлик масалалари қайта кўриб чиқилмоқда, муқобил логистика йўналишларига қизиқиш эса ортиб бормоқда. Бундай шароитда ТДТ мамлакатларининг мувофиқлашган ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, Бокудаги учрашув шунчаки расмий тадбир эмас, балки минтақа ривожланишининг келажакдаги сиёсий ва иқтисодий йўналишларини белгилаб беришга қодир бўлган муҳим платформадир.
Азиза Алимова, ЎзА