ТДМАУ нуфузли халқаро альянсга қабул қилинди
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар ҳамда Ипак йўли архитектура ва технология университетлари халқаро альянсига аъзо бўлди.
Мазкур иттифоқ (Silk Road International Alliance of Architectural and Technological Universities) Хитой Халқ Республикасининг Сиан архитектура ва технология университети ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, “Ипак йўли” бўйлаб жойлашган давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва соҳавий корхоналарини бирлаштирадиган халқаро очиқ платформа саналади.
Сурхондарё вилоятидаги олий таълим муассасаси альянсга университет делегациясининг Хитойдаги Сиан архитектура ва технология университети таълим тарихига 130 йил тўлиши ва университетлар бирлашувининг 70 йиллигига бағишланган халқаро маросимида иштироки чоғида қабул қилинди.

Тадбирда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ректори Расул Тўраев “Архитектура ва технологиялар – инсоният барқарор ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзуида маъруза ҳам қилди. Илмий маърузада яшил қурилиш, кам углеродли қурилиш материаллари, қуёш энергетикаси ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, хусусан, Сурхондарёнинг иссиқ ва қуруқ иқлим шароитида илмий тадқиқотларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иссиқ ва қуруқ иқлим шароитига мос “яшил қурилиш” қўшма лабораториясини ташкил этиш, кам углеродли қурилиш материаллари, қуёш энергетикаси ва сув тежовчи технологиялар бўйича қўшма тадқиқот ва грант лойиҳаларини амалга ошириш, академик алмашинув ва қўшма докторантура дастурларини ривожлантириш ғоялари илгари сурилди.
Маросимда олий таълим муассасасининг Ипак йўли архитектура ва технология университетлари халқаро альянсига расман аъзо этиб қабул қилиниши университетга Осиё ва Европанинг етакчи олий таълим муассасалари билан архитектура, қурилиш ва барқарор шаҳарсозлик йўналишларида ҳамкорлик қилишга қулай имконият яратди.

Сафар чоғида, шунингдек, чет элнинг олий таълим муассасалари раҳбарлари билан истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар учун Хитой давлати ҳисобидан хорижий стажировкаларни ташкил этиш, қўшма илмий конференциялар ва нашрлар, илмий-тадқиқот лойиҳаларини, академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети айни пайтда дунёнинг 30 га яқин етакчи олий таълим муассасаси билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўттиздан ортиқ хорижлик профессор-ўқитувчи университет талабаларига илм-фан сирларини ўргатмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири