“Тасвирий ойина” маҳаллани обод ва фаровон гўшага айлантиришни тарғиб қилди
Бойсун туманида “Маҳаллани ривожлантириб, жамиятни юксалтириш – тараққиёт ва фаровонлик гарови” мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, миллий телерадиокомпания, Бадиий академия, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман фаоллари, нуронийлар, “маҳалла еттилиги”, маҳаллий кенгаш депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Тасвирий ойина ижодий уюшмаси бошқарув раиси Исфандиёр Латипов, Бойсун тумани ҳокими Баҳодир Шукуров ва бошқалар Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастурида белгилаб берилган вазифаларнинг юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига эътибор қаратди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида назарда тутилган маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йўналишидаги вазифалар юзасидан фикр алмашди.
Давлатимиз раҳбари ғояси билан маҳалла институти мустаҳкамланиб, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи янада оширилаётгани бу тузилмани халқ билан давлат ўртасидаги энг яқин ва ишончли кўприкка айлантирди. Жумладан, маҳаллаларда жорий этилган “маҳалла еттилиги” ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаб, муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тадбиркорлик ривожлантирилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий реестрга киритилган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, қўшимча даромад манбаини яратишга кўмаклашаётир. Маҳалла ва кўча-куй ободонлаштирилиб, ҳудудлар қиёфаси ўзгартирилмоқда.

Айни пайтда Бойсун туманидаги 39 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги” ҳам аҳолининг турмуш даражасини ошириб, бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, янги иш ўринлари яратиш каби йўналишларда тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳудудлар ободонлаштирилиб, инфратузилмаси яхшиланаётир. Ички йўллар таъмирланиб, пиёдалар йўлаклари барпо этилмоқда, тунги ёритиш тизимлари ўрнатилмоқда. Аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилаётган бу ишлар одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутмоқда. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бандлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича ҳам янги лойиҳалар бўй кўрсатмоқда.

Бу йил тумандаги 19 та ўзини ўзи бошқариш органи оғир тоифадаги маҳалладан обод ва кўркам гўшага айлантирилмоқда. Бошработ ва Хўжабулғон маҳаллаларида “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳалла мақомини бериш учун 9 та маҳаллада 40 йўналишда Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу йил тоғли туманда 200 километр масофада янги тармоқлар тортилиб, истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ички йўллар таъмирланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда.

Туманда тўрт мингдан ортиқ киши ижтимоий ҳимоя реестрида рўйхатга олинган. Уларнинг аниқ даромад манбаини яратиш учун ҳам тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
– Маҳалламиздаги 552 хонадонда 2 минг 700 киши яшайди, – дейди Ўрта Мачай маҳалласи раиси Юсуф Омонқулов. – Маҳалламиз туман марказидан анча олисда жойлашган бўлса-да, бугунги кунда унинг қиёфаси тубдан янгиланмоқда. Айниқса, тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида ичимлик суви муаммосини ҳал этиш мақсадида қувурлар ётқизилиб, тоғ бағридан тоза сув келтирилмоқда. Шунингдек, аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида бир километр узунликда пиёдалар йўлакчаси барпо этилмоқда. Ҳозирги кунда ҳудудимизда учта мактаб ва битта оилавий шифокорлик пункти фаолият юритмоқда. Яқин келажакда эса 90 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳам ишга туширилиши режалаштирилган. Маҳалламизни камбағалликдан холи, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш мақсадида аҳолига ўз бизнесини бошлаш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Томорқадан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, ўрмон хўжалигининг бўш ер майдонларида картошка етиштириш орқали қўшимча даромад топиш имкониятлари яратилди. Шу мақсадда 40 дан ортиқ оилага бепул картошка уруғлари тарқатилди.

Семинарда амалга оширилаётган бундай улуғвор ишлар билан бирга ҳали аҳолини ўйлантираётган муаммолар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Бу масалаларнинг ечимини топиш учун “маҳалла еттилик”лари янада самарали меҳнат қилиши лозимлиги таъкидланди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири