Танзила Норбоева: Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш – глобал хавфсизликнинг ажралмас қисмидир
Осиё хотин-қизларининг II форумини кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган самимий табриклари нуфузли анжуманга алоҳида мазмун бағишлаганини эътироф этди.
Форум иштирокчилари номидан Давлатимиз раҳбарига самимий қутлов учун, қимматли фикр ва ташаббуслар учун чуқур миннатдорлик билдирилди.
– Ушбу мурожаат – бу шунчаки табрик эмас, балки Давлат раҳбарининг хотин-қизларга бўлган муносабатининг ёрқин ифодаси, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги қатъий сиёсий ироданинг намунасидир, - деди Т.Норбоева. – Бугун ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида эришилаётган барча ютуқ ва натижалар шунинг меваси, қолаверса, бутун жамиятимизнинг якдил ва мақсадли ҳаракати натижасидир. Бу жараёнларда Президент Администрацияси, Парламент ва Ҳукумат, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллик ва якдиллик билан ҳаракат қилмоқда.
Халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТ агентликлари, халқаро молия институтлари қўллови билан бу мақсадлар биргаликда амалга оширилмоқда.
Форум дунёда рўй бераётган мураккаб глобал чақириқлар – иқлим ўзгаришлари, иқтисодий беқарорлик, рақамли тафовут ва турли зиддиятлар фонида ўтказилаётганига эътибор қаратилди. Афсуски, бундай инқирозлардан, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва болалар жабр кўраётир.
Шундай бир шароитда, гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш масаласи шунчаки ижтимоий адолат эмас, балки барқарор иқтисодий ўсиш ва глобал хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланди.
“Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги глобал кун тартибига тўла содиқ эканлигини яна бир бор қайд этмоқчиман. Биз БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини, хусусан, гендер тенгликка эришишга қаратилган 5-мақсадни миллий тараққиёт Стратегиямизнинг ўзагига айлантирдик. Шунингдек, Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатлар доирасидаги мажбуриятларимизни изчиллик билан амалга оширмоқдамиз”, деди Сенат раиси.
Норгул Абдураимова, ЎзА