Бугунги кунда Бухоро вилоятининг умумтаълим мактабларига хорижлик педагогларни жалб этиш ишлари давом этмоқда. Айни пайтда вилоят мактабларида фаолият олиб бораётган хорижлик ўқитувчилар сони 70 нафардан ошиб.
Эътиборли жиҳати шундаки, хорижий мутахассислар фақат вилоят марказида эмас, балки туманлар ва олис ҳудудларда жойлашган мактабларда ҳам самарали меҳнат қилмоқда. Бу эса чекка ҳудудларда таҳсил олаётган ўқувчиларга ҳам халқаро стандартлар асосида таълим олиш имконини яратмоқда.

Хусусан, Ғиждувон тумани умумтаълим мактабларида бугунги кунда 9 нафар хорижлик педагог инглиз тили фанидан билим бермоқда. Улар ўқувчиларга инглиз тилини чуқур ўзлаштириш, эркин мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда замонавий таълим методлари орқали билим беришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, тумандаги 22-умумтаълим мактабида филиппинлик инглиз тили ўқитувчиси Леа Жеан Фортуна, 54-умумтаълим мактабида эса Мариа Фелинда Тан фаолият бошлади. Мутахассислар асосан 10-11-синф ўқувчиларига дарс бериб, уларнинг тил билиш даражасини ошириш, сўзлашув кўникмаларини ривожлантириш ва халқаро имтиҳонларга тайёргарлик кўришларига ёрдам кўрсатмоқда.

Таълим жараёнига хорижлик ўқитувчиларнинг жалб этилиши ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда келгусида халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар етишиб чиқишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.