Таълим соҳасида Мирзачўл тажрибаси
Бугунги кунда Мирзачўл туманида таълим сифатини ошириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва таълим соҳасида фаолият олиб бораётган педагоглар меҳнатини қадрлашга қаратилган муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Туманда 20 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 9 минг 25 нафар ўқувчига 723 нафар педагог ходим таълим-тарбия бериб келмоқда.
Таълим тизимида “Мирзачўл тумани ўқитувчиси”, “Мирзачўл тумани тарбиячиси” кўкрак нишонлари таъсис этилган. Педагогларнинг илмий-ижодий ишларини оммалаштириш ҳамда таълим муассасалари ютуқларини кенг ёритиш мақсадида “Мирзачўл зиёси” газетаси чоп этиб келинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Таълим соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросига замонавий ёндашувлар: туман ва шаҳарлар мисолида” мавзуидаги амалий семинарда Мирзачўл туманининг таълим соҳасидаги тажрибалари ҳақида сўз борди.
Жумладан, туманнинг мактабгача, мактаб, касб-ҳунар таълимини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, ёшларга хорижий тилларни ўргатиш, уларни касб-ҳунарга тайёрлаш ҳамда битирувчиларни иш билан таъминлашга оид тажрибаларини республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида оммалаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, туман ёшларини ахборот технологиялари соҳасига жалб этиш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. “IT-call markazi” ташкил этилган бўлиб, бу ерда юқори синф ўқувчилари бўш вақтларида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, туманда “Эзгу ният майдони” барпо этилган бўлиб, ёшларни миллий тарих ва маънавий мерос руҳида тарбиялашга қаратилган очиқ дарслар ташкил қилинади.
Семинарда олис ҳудудларда таълим сифатини ошириш, педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА