Коррупцияга қаршиш курашиш куни олдидан шу йилнинг ноябрь ойида юртимизда “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” ўтказилди. Ойлик доирасида мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.
– Аввало, тизимда коррупция юзага келиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов ушбу мавзу юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида. – Жумладан, бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни қабул қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган. Давлат – хусусий шериклик асосида боғча ташкил этиш истагини билдирган ташаббускор тадбиркорлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига nodavlatbog’cha.uz платформаси орқали электрон ариза юбориш ва ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди. Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг малака тоифасини олиш тизими-- рўйхатдан ўтиш, тест топшириш ва сертификатни олишгача бўлган жараён ҳам рақамлаштирилди. Тест топшириш учун ўқитувчи компьютерга ўтиргандан биометрик идентификациядан ўтиб, ўзи экани дасдиқлангандан сўнг тест жараёнлари бошланадиган платформа яратилди. Мактаб ўқувчиларининг бир мактабдан бошқа мактабларга ўтиши учун adm.маktab.uz (онлайн мактаб) ва ERP платформаси ташкил этилди. Мактаб битирувчилари турли сабабларга кўра, аттестат ёки шаҳодатномасини йўқотган бўлса, авваллари бир қатор идораларга бориш, ҳужжат тайёрлашга тўғри келарди. Бу қайсидир маънода коррупцион ҳолатларга олиб келарди. Эндиликда фуқаролар my.gov.uz платформаси орқали онлайн ариза бериш орқали дубликат шаҳодатномаларни олишлари мумкин.
Тизимдаги ташкилот ва муассасалардаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказишда танлов асосида саралаб олиш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида vakansiya.argus.uz платформаси орқали очиқ танлов ўтказилади. Жорий йилдан умумий ўрта таълим муассасалари директорларини ишга қабул қилишда ҳам шундай тизим йўлга қўйилиб, менежерлик сертификати мавжуд номзодлар орасидан “Директорлар кенгаши” суҳбатидан ўтганлар директорлик лавозимига тайинланмоқда. Шу пайтгача ушбу тартиб асосида суҳбатдан ўтган 79 нафар номзод ишга жойлашди. Мазкур мезон 2025 йил январь ойидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорини лавозимга тайинлаш учун ҳам жорий қилинади.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан йил бошидан буён жисмоний ва юридик шахслардан педагог ҳодимларнинг ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши, устамаларни белгилаш, давлат мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларига қабул каби масалалар юзасидан тушган 154 та мурожаат ўрганилган. Учта коррупцион ҳолат қайд этилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири