Таълим ислоҳотлари янги босқичда: олимпиадалар ва халқаро баҳолашга тайёргарлик
Мамлакатимизда таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган навбатдаги “Вазир соати” йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова бошчилигида соҳадаги долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларини юқори савияда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, юртимизда илк бор ўтказилиши режалаштирилган Халқаро кимё ҳамда Халқаро информатика олимпиадаларига пухта тайёргарлик кўриш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, жорий йилнинг январь–июнь ойларида бўлиб ўтадиган баҳорги аттестация жараёнларини самарали ва шаффоф ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Масъулларга ушбу жараёнларга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида давлат раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Унда таълим сифатини ошириш, тизимдаги ислоҳотларни чуқурлаштириш каби муҳим йўналишлар алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг халқаро баҳолаш дастури — PIRLS тадқиқотидаги иштироки ҳам муҳокама қилинди. Бу орқали ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини халқаро даражада баҳолаш ва натижаларни яхшилаш мақсад қилинган.

Йиғилиш якунида масъулларга қатор муҳим вазифалар юклатилди. Жумладан, мактаб маслаҳатчиси лавозимлари учун етакчилик қобилиятига эга ва халқаро сертификатли номзодларни танлаб олиш, шунингдек ҳар бир умумтаълим мактабида “Келажак” марказининг тўгаракларини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА