Таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди (+видео)
Ўрта-махсус, касбий таълим ташкилотлари таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Касбий таълим агентлиги тизимидаги таълим муассасаларининг таълим сифати учун масъул ходимлари иштирок этди.
Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад – ўрта-махсус ва касбий таълим ташкилотларида таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш, экспертиза фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда ички баҳолаш тизимини янада ривожлантиришдан иборат бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар томонидан бугунги кунда касбий таълим сифатини ошириш, халқаро талабларга мос келадиган баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда аккредитация жараёнларининг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, касбий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва кутилаётган натижалар ҳақида фикрлар билдирилди.
Семинарнинг навбатдаги қисмида экспертларнинг фаолияти ва одоб-ахлоқ қоидалари масаласи кенг ёритилди. Унда экспертларнинг мустақиллиги, холислиги ва профессионал ёндашуви аккредитация жараёнининг муҳим омили эканлиги таъкидланди. Шунингдек, экспертлар учун белгиланган этик меъёрлар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда баҳолаш жараёнида шаффофликни таъминлаш бўйича тавсиялар берилди.
Семинар давомида таълим дастурларини экспертизадан ўтказиш тартиби батафсил тушунтирилди. Мазкур жараёнда ўқув режалари, фан дастурлари, ўқув-услубий таъминот, кадрлар салоҳияти ҳамда моддий-техник база каби асосий мезонлар асосида баҳолаш олиб борилиши қайд этилди. Амалий мисоллар орқали иштирокчиларга экспертиза жараёнида учрайдиган ҳолатлар ва уларни ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, икки маротаба савол-жавоб сессиялари ташкил этилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Мутахассислар томонидан берилган жавоблар орқали мавзулар янада чуқурроқ очиб берилди ҳамда амалий муаммоларга ечимлар таклиф этилди.
Касбий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида таълим дастурларининг меҳнат бозори талабларига мослиги, амалий кўникмаларга йўналтирилганлиги ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирнинг якуний қисмида ички баҳолаш ҳисоботларини тайёрлаш ва таҳлил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчиларга сифатли ҳисобот тайёрлашнинг асосий талаблари, хатоликлар ва уларни бартараф этиш йўллари тушунтирилди. Шунингдек, ички баҳолаш натижаларидан самарали фойдаланиш орқали таълим сифатини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Мазкур семинар-тренинг таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш жараёнларини янада такомиллаштириш, экспертлар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда таълим сифатини таъминлаш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбир якунида иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан таклифлар билдирдилар.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/olzVpQMUzM0?si=-ChRqbxGNG2PSdVq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА