Талабаларимиз дунёга чиқмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифида белгиланган муҳим вазифалар Жиззах политехника институтида ҳам янгиланишларга йўл очди. Бугун бу вазифалар босқичма-босқич амалий натижага айланмоқда.
Ўзгаришнинг энг муҳим жиҳати шундаки, таълим энди аудитория билан чегараланиб қолмаяпти. 2025-2026 ўқув йилида ташкил этилган “Автомобилсозлик муҳандислик мактаби” бунинг яққол кўриниши. Муҳандислик таълими ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан яқинлашмоқда, ўқув режалари ва фан дастурлари такомиллаштирилмоқда.
Бу жараёнда ўқитувчининг ўзи ҳам янгиланиши табиий. 130 дан ортиқ профессор-ўқитувчи хорижий ОТМларда малакасини ошириб қайтди. 80 дан ортиқ хорижий ОТМ профессор-ўқитувчилари институтга ташриф буюрди. Халқаро ҳамкор хорижий ОТМлар сони 60 дан ошди. Демак, дунё тажрибаси институтга фақат китоб ва мақолалар орқали эмас, бевосита мулоқот ва ҳамкорлик орқали кириб келмоқда.


Бу очиқлик халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топган. Аммо институтдаги янгиланишнинг ҳақиқий манзараси рейтинг жадвалларида эмас, талабанинг имкониятларида кўринади.
Мана, СИ (сунъий интеллект) лабораторияси. У учун 4 миллиард сўм қийматдаги замонавий жиҳозлар олиб келинди, яна 6 миллиард сўмлик жиҳозлар келиши кутилмоқда. Талабаларни тураржой билан таъминлаш қамрови 100 фоиз. Яъни ёшлардан фақат билим олиш эмас, шу билимни эркин излаш ва синаб кўриш учун шароит ҳам талаб этилмоқда.


Бугунги битирувчи учун эса бир дипломнинг ўзи камлик қилади. У бир касбни эгаллаши билан чекланиб қолмаслиги керак. Шунинг учун институтда Халқаро кара ҳайдовчиси, IT, СИ (сунъий интеллект), профессионал сантехник-чилангар, электрик, пайвандчилик, робототехника ва мехатроника соҳаси, электроника ва оргтехника қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш, тикувчилик, 1С бухгалтерия курси, хорижий тиллар каби йўналишларда қўшимча касбларни ўзлаштириш ва халқаро сертификат олиш имкониятлари яратилмоқда.
Имкониятнинг қадри эса натижада билинади. 2025-2026 ўқув йилида 1 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти номидаги Давлат стипендияси, 4 нафар талаба Беруний номидаги Давлат стипендияси, 1 нафар талаба Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлди. 1 нафар талаба “Улуғбек ворислари” лойиҳалар танловининг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритди.

Яна бир манзарага эътибор беринг: Жиззахда таҳсил олаётган ёшлар энди дунёга чиқмоқда, дунё ёшлари эса Жиззахга келмоқда. Институтнинг 2 нафар талабаси Словакия ҳукуматининг НСП дастурида, яна 1 нафар талаба Миллий стипендия дастурида ғолиб бўлиб, бир семестр Словакияда таҳсил олди. 3 нафар талаба Венгриянинг Стипендиум Ҳунгарикум дастури асосида магистратурада ўқиш имкониятига эга бўлди.
Россиядаги қишки мактаблар, Қирғизистондаги ишлаб чиқариш амалиёти, Туркиянинг Истанбул техника университетидаги академик мобиллик, Малайзиянинг ИНТИ Халқаро университети, Хитой, Польша, Қозоғистон ва Қирғизистондаги таълим дастурлари – буларнинг барчаси битта ҳақиқатни кўрсатади: талаба учун дунё тобора яқинлашмоқда.

Энг қувонарлиси, ёшлар бу имкониятлардан фойдаланиб, натижа кўрсатмоқда. 2026 йил июнь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган халқаро IEIIC (International Embodied Intelligence Innovation Competition) робототехника мусобақасида институтнинг 2 нафар талабаси 2-ўринни эгаллади. Август ойидаги “Иқлим барқарорлиги ва замонавий сув технологиялари” халқаро ёзги мактабида Эроннинг Шариф технологиялар университетидан 3 нафар ва Хитойнинг Шиҳези университетидан 10 нафар талаба иштирок этди.
Бу ҳаракат фақат илм билан чекланмаяпти. Эъзоза Шукруллаева ва Маржона Рўзимуродова Муай-тай бўйича Осиё чемпионатида бронза медаль олди. Рамида Қўчқорова пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги республика босқичида 3- ўринни эгаллади, Камолиддин Сайфиддинов Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Кароматулла Қўшмуродов эса “Ушу” бўйича Ўзбекистон чемпионатида 2- ўринни эгаллади.
Буларни бир-биридан узоқ натижалар деб қараш мумкин. Аслида эса уларни бир ғоя бирлаштиради: инсон имкониятини очиш.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Жиззах политехника институти мисолида ана шу жараённи кўриш мумкин. Билимга эҳтиёж, замонавий технология, халқаро тажриба, касбий кўникма ва эркин фикр – барчаси бир нуқтада, янги авлод муҳандисини тайёрлаш мақсадида туташмоқда.
Ҳошим Хидиров,
Жиззах политехника институти Ижтимоий
фанлар кафедраси профессори вазифасини бажарувчи.
ЎзА