Талабалар замонавий ётоқхонага эга бўлди (+видео)
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети таълим ва илм-фан соҳаларида ўзининг юқори стандартлари ва муваффақиятлари билан ажралиб туради.
Ҳар йили кўплаб ёшларни ўз бағрига олаётган олийгоҳ, юзлаб битирувчиларни профессионал ва рақобатбардош муҳандис кадрлар сифатида йирик ишлаб чиқариш корхоналарига йўлламоқда. 2024-2025 ўқув йили қабулида 3 минг нафар ёшлар ўқишга қабул қилиниб, талабалар сони жами 11 минг нафарга етди. Ўқув йили аввалидан университет ҳудудида 3 та, талабалар турар жойида 1 та ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази фаолияти ташкил этилиб, марказларга тажрибали волонтёрлар бириктирилди.
[gallery-19408]
– Бизнинг Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида ҳам янги ўқув йили арафасида кўтаринки кайфиятда тадбирлар ташкил этилди, – дейди университет талабаларни турар-жой билан таъминлашни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Жасурбек Рўзиев. – Албатта, бу тадбирларни ташкил қилишдан олдин талабаларга қулайлик яратиш мақсадида ижара хонадонлари ва талабалар турар жойларига жойлаштириш масалаларини кўриб чиқдик. Бу борада бизда талабаларни жойлаштириш бўйича марказлар ташкил этилган. Марказларда ётоқхоналар бўйича тушган аризалар кўриб чиқилди ва талабалар ётоқхона ҳамда ижара хонадонларига жойлаштирилди. Бугунги кунда университет таркибида 700 ўринли талабалар турар жойи ҳамда 400 ўринли давлат хусусий шериклик асосидаги янги ётоқхона мавжуд.
Университетимизда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ва тьютерларимиз томонидан ижара базаси шакллантирилиб, университетимиз расмий каналига жойлаштирилиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад талабаларга осонгина ижара хоналарини топишга кўмаклашишдир. Бугунги кунда университет раҳбарияти томонидан талабалар турар жойи ва ижара ётоқхоналаридаги шароитлар мунтазам ўрганилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VgqK_bKiIpk?si=O5ubkqqHgA_adVoj" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Айни пайтда университет ҳамда барча факультетлар раҳбарияти талабаларнинг яшаш шарт-шароитлари билан танишиш ва уларнинг талаб ҳамда истакларини инобатга олган ҳолда ёшлар билан учрашмоқда.
– Биз талабалар учун университетда янги ётоқхона очилди, – дейди 2-босқич талабаси Сирожиддин Сайфиддинов. – Онлайн ариза топшириб, ушбу ётоқхонага жойлашдим. Бу ерда шароитлар жуда яхши. Ётоқхонамиз ўқиш жойимизга ҳам яқин. Ўтган йили узоқроқда жойлашган талабалар турар жойида яшардим. Дарсга қатнашга бироз ноқулайлик туғдирарди. Бу ётоқхона нафақат яқинлиги, балки ичидаги қулайликлари билан ҳам ажралиб туради.
Албатта, бошқа ҳудуддан келиб ўқиётган ва ўқиш жойида ўзининг ёки ота-онасининг уйи бўлмаган талабалар мавжуд ётоқхоналарга жойлаштирилмоқда. Биринчи навбатда ота-онаси вафот этган талабалар, “Болалар уйлари” тарбияланувчилари, ногиронлиги бўлган талабалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, турли ижтимоий дафтарга киритилган оила фарзандлари, 2 ёки ундан кўп боласи контрактда ўқиётган оила фарзандлари, чет-эллик талабалар, 1-2 курс талабалари, талаба қизлар, Ёшлар иттифоқининг фаоллари, халқаро миқёсдаги фан олимпиадаси ғолиблари ҳамда ётоқхонада талабалар кенгаши раиси, қават сардори ва бошқа жиҳатлари билан доимий фаоллик кўрсатган талабаларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари