Тадқиқот хавотирнинг илмий асосга эга эканини кўрсатмоқда
Дарёга ташланган пластик бутилка ёки пакет йўқолиб кетмайди. У йиллар давомида майдаланиб, кўзга кўринмас микропластик заррачаларга айланади. Бу заррачалар аввал сувга, кейин балиқ организмига, охир-оқибат эса инсон дастурхонига етиб келиши мумкин. Россия ва Ўзбекистон олимларининг Сирдарё ҳавзасида ўтказган сўнгги тадқиқоти ана шу хавотирнинг илмий асосга эга эканини кўрсатди.
Россиянинг Томск давлат миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, Андижон давлат университети ҳамда Фарғона давлат университети олимлари 2025 йил давомида Сирдарё ҳавзасига кирувчи Қорадарё ва Чирчиқ дарёларида яшовчи чучук сув балиқларини ўрганишди.

Тадқиқотнинг асосий мақсади дарё балиқлари организмида микропластикларнинг тўпланиш даражасини аниқлаш, шу орқали сув экотизимининг ҳолати ҳамда инсон саломатлиги учун эҳтимолий хавфларни баҳолашдан иборат бўлди.
Лаборатория шароитида 61 та балиқ намунаси таҳлил қилинди. Натижада балиқларнинг ҳазм қилиш тизимида ўртача 2,61 ± 4,38 та микропластик заррача мавжудлиги аниқланди. Тана вазнига нисбатан эса бу кўрсаткич 86,3 ± 130 та заррача ёки 241 ± 636 микрограмм/килограммни ташкил қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, балиқлар организмидаги микропластикларнинг асосий қисмини толасимон заррачалар ташкил этган. Қорадарё ва Чирчиқ дарёларидан овланган балиқлар ўртасида микропластик миқдори бўйича сезиларли фарқ кузатилмаган. Шунингдек, балиқнинг тури, жинси ва ёши ҳам ушбу кўрсаткичга жиддий таъсир кўрсатмаган. Бироқ балиқнинг вазни ва узунлиги ортиши билан унинг ҳазм қилиш тизимида микропластиклар миқдори ҳам ортиб бориши статистик жиҳатдан тасдиқланган.
Тадқиқотчилар балиқлар организмида асосан полиэтилен (PE), полиэтилентерефталат (PET), полипропилен (PP) ва полиэфирсулфон (PES) полимерларини аниқлади. Шу билан бирга, токсик хусусиятга эга полиакрилонитрил (PAN), полиуретан (PUR) ҳамда поливинилхлорид (PVC) каби полимерлар ҳам қайд этилди.
Полимер хавф индекси (PHI) бўйича баҳолаш натижаларига кўра, аниқланган микропластиклар ўртача экологик хавфнинг III тоифасига мансуб деб баҳоланган.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур тадқиқот Сирдарё ҳавзасидаги чучук сув балиқлари организмида микропластиклар мавжудлигини илмий жиҳатдан биринчи марта тасдиқлади. Бу эса мамлакатимизда дарёлар ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш, пластик ифлосланишини камайтириш ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича тизимли чораларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Тадқиқот Россия ва Ўзбекистон олимлари — Юлия Франк, Светлана Воробьёва, Алижон Ҳусанов, Сирожиддин Намозов, Егор Воробьёв, Мансур Йўлдошов, Исломжон Зокиров, Дилёрбек Каримжонов, Жобир Собиров ва Данил Воробьёв ҳаммуаллифлигида амалга оширилди. Уларнинг "Microplastics ingested by freshwater fish in rivers of the Syr Darya basin and associated ecological risks" номли илмий мақоласи 2026 йил 18 апрель куни халқаро Environmental Science and Pollution Research журналида чоп этилди ҳамда PubMed халқаро илмий маълумотлар базасига киритилди. Бу эса тадқиқот натижалари халқаро илмий ҳамжамият томонидан эътироф этилганини англатади.

Масаланинг долзарблиги шундаки, микропластиклар бугунги кунда фақат экологик эмас, балки тиббий муаммо сифатида ҳам баҳоланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) маълумотларига кўра, инсон организмига микропластиклар асосан ичимлик суви, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳаво орқали тушади.
Сўнгги йилларда ўтказилган тадқиқотларда микропластик заррачалар инсон қони, ўпкаси, жигари, буйраклари ва йўлдош (плацента) тўқималарида ҳам аниқланган.
Ҳозирча микропластикларнинг инсон саломатлигига узоқ муддатли таъсири тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ халқаро илмий изланишлар улар яллиғланиш жараёнларини кучайтириши, ҳужайраларга зарар етказиши, иммун ва эндокрин тизимлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, пластмасса таркибидаги кимёвий моддалар ҳамда оғир металларни организмга ташувчи восита вазифасини бажариши мумкинлигини қайд этмоқда.
Европа Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги (EFSA) ҳам микропластикларнинг озиқ-овқат занжири орқали инсон организмига тушиши билан боғлиқ тадқиқотларни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлайди.

Олимлар муаммонинг олдини олиш учун дарё ва бошқа сув ҳавзаларига пластик чиқиндилар тушишини кескин қисқартириш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш, оқова сувларни замонавий технологиялар асосида тозалаш, бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш ҳамда микропластиклар бўйича доимий экологик мониторингни йўлга қўйишни муҳим вазифалар сифатида кўрсатмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бу муаммони фақат давлат ёки олимлар саъй-ҳаракати билан ҳал этиб бўлмайди. Атроф-муҳитга масъулиятли муносабат, пластик чиқиндиларни тўғри бошқариш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сирдарё ҳавзаси дарёларида аниқланган микропластиклар ҳозирча лаборатория ҳисоботларидаги рақамлардек туюлиши мумкин. Аммо ҳар бир рақам ортида сув экотизими, инсон саломатлиги ва келажак авлод хавфсизлиги мужассам. Бугун табиатга ташланган бир парча пластик йиллар ўтиб яна инсоннинг ўзига қайтиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, дарёларни асраш — фақат табиатни эмас, балки ўз саломатлигимиз ва келажагимизни асраш демакдир.
Изоҳ: Ушбу материал Россиянинг Томск давлат миллий тадқиқот университети Биология институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, Андижон давлат университети ва Фарғона давлат университети олимлари ҳаммуаллифлигида тайёрланган "Microplastics ingested by freshwater fish in rivers of the Syr Darya basin and associated ecological risks" номли илмий мақола, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) ҳамда Европа Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги (EFSA)нинг очиқ манбаларда эълон қилинган илмий маълумотлари асосида тайёрланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири