Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – тараққиётнинг муҳим омили
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида юртимиз тадбиркорлари билан ўтказган мулоқотида илгари сурилган янги ташаббуслар мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида янги босқични бошлаб беради.
Бугунги кунда кичик ва ўрта бизнес мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим таянчига айланиб бормоқда. Банклар кредит портфелида кичик бизнес улушининг 45 фоиздан 63 фоизга ошгани, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилгани тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятларнинг амалий ифодасидир.
Айниқса, яқинда ишга туширилган “Кредит хизматлари ягона рақамли портали” тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланишни янада қулайлаштиргани аҳамиятлидир. Эндиликда тадбиркор битта ариза орқали мурожаат қилиб, банклар ўртасидаги рақобат асосида ўзи учун мақбул имкониятдан фойдаланиши мумкин. Бизнесни эндигина бошлаётганлар учун 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириш имконияти ҳам янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун муҳим омил бўлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратиш ташаббуси эса тадбиркорларни шунчаки молиявий қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг фаолиятини бошлашидан тортиб, йирик бизнес даражасига етишигача бўлган жараённи қамраб олиши билан эътиборга молик.
Хусусан, “Бизнес старт”, “Бизнес лифт” ва “Бизнес юксалиш” дастурларининг жорий этилиши тадбиркорларнинг ўз имкониятларини тўғри баҳолаши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши ҳамда янги бозорлар сари дадил қадам ташлашига хизмат қилади.
“Бизнес старт” дастури доирасида сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит ҳужжатларини тайёрлаш ва ҳисобот юритишни ўргатиш замонавий тадбиркорлик маданиятини шакллантиришда катта аҳамиятга эга. Ушбу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратилиши, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит имкониятининг яратилиши, айниқса, ўз бизнесини бошлаш истагидаги фуқаролар учун катта рағбатдир.
Мен ушбу ташаббусларни нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маънавий жиҳатдан ҳам муҳим, деб ҳисоблайман. Чунки тадбиркор янги иш ўрни яратувчи, оилалар фаровонлигини таъминловчи, маҳалла ва ҳудуд тараққиётига ўз ҳиссасини қўшувчи фаол инсондир. Тадбиркорлик ривожланган сари жамиятда меҳнатга, ташаббускорликка, изланишга ва ўз кучига ишончга асосланган муҳит янада мустаҳкамланади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими жамоаси ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва фуқароларимизда ташаббускорлик, меҳнатсеварлик, янгиликка интилиш каби фазилатларни кенг тарғиб қилишни ўзларининг энг муҳим вазифаларидан бири, деб билади.
Ишонамизки, яратилаётган бундай кенг имкониятлар халқимизнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаради. Билим, меҳнат, қатъият ва замонавий ёндашув асосида фаолият юритаётган тадбиркорларимиз янги иш ўринлари яратиб, маҳаллаларимиз ободлиги, оилаларимиз фаровонлиги ва юртимиз иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.
Нигора ҚАШҚАБОЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Андижон вилояти бўлими раҳбари.