Тадбиркорлик фаолияти ривожланади
Акс-садо
Президентимизнинг Наманганга ташрифи ҳамда ифторлик дастурхони атрофида билдирган эзгу тилаклари вилоятимиз аҳлида катта таассурот қолдирди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимиз тинч, халқимиз осуда ҳаёт кечираётганининг ўзи бебаҳо неъмат, бунинг қадрига етишимиз, шукрона келтиришимиз лозим. Вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда иқтисодий ислоҳотларни, мақсадли дастурларни амалга ошириш бўйича қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди. Бунда, айниқса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, ердан, сувдан унумли фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Сайхунобод тумани тажрибаси асосида тўрт минг хонадонни танлаб олиб, уларга гулчилик, асаларичилик, чорвачилик каби йўналишларда тадбиркорликни бошлаш учун техника, уруғ, кредит масалаларида амалий кўмак бериш бўйича топшириқлар берилди. Эътиборлиси, шу йўл билан 35 минг кишини иш билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга эришилади.
Бундан ташқари, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида мевани қайта ишлаш корхоналарини бунёд этиш, тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажмини кўпайтириш юзасидан лойиҳалар ишга туширилиши таъкидланди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши фаоллари, депутатлар иштирокида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бу борада депутатларимиз, фаолларимиз бор куч ва имкониятини сафарбар этади ҳамда мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади.
Солижон Мўминов,
O'zLiDeP Наманган вилояти кенгаши раиси.
ЎзА