Тадбиркорларнинг солиққа оид муаммолари бартараф этилмоқда
Фармон ва ижро
Шу кунларда Тошкент вилояти солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан туман-шаҳарларда тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.
Ҳудудда тадбиркорлик фаолиятининг тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бироқ соҳада учраётган айрим муаммолар тадбиркорлар фаолиятида қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Шу сабабли, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тушунтириш муҳим аҳамиятга эга, албатта.

Ҳозирда Тошкент вилоятида 37 мингга яқин тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Жорий йил бошидан бери солиқ органларига тадбиркорлик субъектларидан жами 56 минг 941 та мурожаат келган. Шундан 27 минг 661 та мурожаат қаноатлантирилган, 28 149 таси бўйича тегишли тушунтириш берилган ва 519 таси бошқа ташкилотларга юборилган.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Турсунбоев Оҳангарон шаҳар ва туман ҳудудларида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашди. Унда Президентимизнинг 2025 йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Мулоқот жараёнида тадбиркорлар томонидан солиқ ҳисоботлари, назорат-касса техникаларидан фойдаланиш, айланмадан олинадиган солиқ ва бошқа йўналишлар бўйича бир қатор саволлар ва таклифлар билдирилди. Шу билан бирга кўплаб масалалар юзасидан масъул раҳбарлар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди ҳамда айрим муаммолар жойида ҳал этилди.
Жараёнда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай солиқ муҳитини яратиш ва тизимдаги очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятида юқори натижаларга эришган ва намунали фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга эсдалик совғалари тақдим этилди.


А.Мусаев, ЎзА.