Жиззах шаҳрида тадбиркорлар учун семинар-тренинг ўтказилди
Жиззах шаҳридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказида енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун семинар-тренинг ўтказилди.
Жиззах шаҳридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказида енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун семинар-тренинг ўтказилди.“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижроси ҳамда вилоятда енгил саноатни ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди. Президентимиз раҳнамолигида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор соҳа ривожида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Вилоятда 2017-2019 йилларда 202 миллион 985 минг долларлик 21 йирик енгил саноат лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу 5 минг 700 янги иш ўрни яратиш имконини беради. Бунда асосий эътибор пахтани қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилади. Газлама, мато, газламани бўяш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга йўналтирилган корхоналар барпо этиш соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади.
Тадбирда соҳага банк кредитлари ажратиш, корхоналарни замонавий технологияга асосланган тикув ва тўқув дастгоҳлари билан жиҳозлашга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
– Корхонамиз енгил саноат корхоналарига хориждан ускуна ва дастгоҳлар келтириш ҳамда фурнитура ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Gulshana texstil invest” масъулияти чекланган жамияти бош менежери Ж.Қўлдошев. – Кейинги йилларда ушбу соҳада вилоятимизда катта тажриба тўпланди. Бугунги тадбир соҳадаги янгиликлар, қонунчилигимиздаги тадбиркорликка доир ўзгаришлардан хабардор бўлиш, ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилади.
Семинарда соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан атрофлича фикр алмашилди.